Ezgu Amal хайрия жамғармаси дастлаб ижтимоий тармоқлардаги оддий саҳифа бўлган ва “Дунёда меҳрибон инсонлар мавжуд” (“Мир не без добрых людей”) деб номланган. Аста-секин хайрихоҳлар кўпая борган, эзгу ниятли кишиларнинг бир жамоа шаклига келиши 2018 йил 12 ноябрда шаҳар адлия бошқармасида рўйхатдан ўтиш билан жамғарма шаклида расмий мақом олган.
Ўтган давр давомида Ezgu Amal хайрия жамғармаси қатор лойиҳаларни амалга оширди, кўпчилик болажонларнинг шифо топишига сабабчилардан бири бўлди.
Жамғарманинг 12 мартдаги таъсис йиғилишида ўтган даврнинг кичик сарҳисоби қилинди, бир йиллик молиявий ҳисоботлар ошкор этилди.

Маълум бўлишича, ўтган йилда 3118 киши жамғармага кўмак сўраб мурожаат қилган. Ҳаммуассис Марина Кондратованинг маълум қилишича, уларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам қилишнинг иложи бўлмаган. Чунки бунча кишига ёрдам бергудек маблағ ва ҳомийлар мавжуд эмас.
Ҳозир жамғарма тўртта йирик ҳомийларга эга. Булар “Ҳумо” хоккей клуби, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, New Life Medical компанияси ҳамда korzinka.uz савдо тармоғи. Жамғарма вакиллари бу ҳамкорларнинг янада кенгайишига умид билдирмоқдалар.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафардан ортиқ болаларда онкологик касалликлар аниқланади, аммо уларнинг 70 фоизи зарур муолажаларни тўлиқ ололмайдилар.

Уларга кўмак беришни мақсад қилган Ezgu Amal хайрия жамғармаси нақд пуллар билан ишламайди. Тушаётган барча хайрия пуллари махсус ҳисоб рақамда тўпланади ва фақат расмий шартномалар орқали сарфланади.
Кўпчилик компаниялар ўз майдонларида хайрия қутилари ташкил этганлар. Ёрқин мисол Anglesey Food компанияси korzinka.uz супермаркетлар тармоғидаги шаффоф қутилар орқали 500 млн. сўмдан кўпроқ маблағ тўплаб берган.
“Бу қутилар муҳрланган, фақат комиссия иштирокида очилади ва банкка топширилиб, жамғарма ҳисоб рақамига туширилади” – деди Марина Кондратова.

Ezgu Amal бугунги кунда дуч келган энг жиддий муаммо бу янги солиқ кодекси бўлмоқда. Ҳужжатга кўра жамғарма жисмоний шахслардан тушган маблағларнинг 12 фоизи миқдорида солиқ тўлаши шарт. Шунингдек, янги кодексга кўра жамғармаларга хайрия қилган юридик шахсларга тақдим этиладиган 2 фоизли солиқ чегирмаси ҳам бекор қилинган.


















