Тарқалган видеолардан кўринишича, кўплаб ички ишлар ходимлари ва давлат идоралари ходимлари тупроқ ортувчи трактор воситасида қандайдир ноқонуний қурилмани қуришга чоғланишган. Уларга бир гуруҳ аёллар кескин қаршилик қилишмоқда.
Кутилмаганда ўша ердаги йигитлардан бири қўлидаги елим идишда ички ишлар органи ходимларидан бирининг устига ёнилғига ўхшаш суюқлик сепиб юборади. Қолган ички ишлар органи ходимлари уни қувиб кетишади.
Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар гўёки давлат идораси ва ички ишлар органи ходимлари фуқароларнинг қонуний турар жойларини ноқонуний бузишга боргандек, нотўғри талқин қилиб, давлат идоралари шаънига ҳақоратли ва ноўрин шарҳларни ёғдиришган.
Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Қамаши туман ҳокимлиги ахборот хизмати билан бирга расмий баёнот бериб, унда ушбу кўнгилсиз воқеанинг мазмун-моҳияти нимадан иборатлиги, жанжалли тортишувнинг бош сабаби нима эканлигига аниқлик киритган.
«Қамаши тумани «Тўқбой» МФЙ Тўқбой қишлоғида яшовчи фуқаро Мадина Поёнова туман ҳокимлигига тадбиркорлик қилиш мақсадида мурожаат қилган.
Қамаши тумани ҳокимининг 2019 йил 12 июлдаги Х-4448/07-сонли қарорига асосан унга Тўқбой қишлоғидаги 13-умумтаълим мактаби ёнидан ўтган йўл ёқасидан «Енгил типдаги китоб дўкони» қуриш учун фуқаро М.Поёновага 60 кв.метр ер майдони ажратилган.
Лекин фуқаролар — М.Поёнова ва унинг акаси А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев ўзбошимчалик билан туман ҳокими қарори билан ажратилган 60 кв.м ер майдонидан ташқари 120 кв.м.дан ортиқ ер майдонини ноқонуний ўзлаштиришиб, ушбу майдонга ҳам бетон пойдевор қўйган.
Ноқонуний қўйилган бу пойдевор мактабнинг олди томонини бутунлай тўсиб қўйган ҳамда таълим даргоҳининг ташқи кўринишига салбий таъсир кўрсатган. Шунинг учун туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ходимлари томонидан ушбу қонунбузарлик ўз вақтида аниқланиб, фуқаролар М.Поёнова ва унинг акаси А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев 3 марта ёзма ва бир неча бор оғзаки огоҳлантирилган. Лекин улар қонунга амал қилмасдан, ўзларининг ноқонуний фаолиятини давом эттирган.
Шу сабабли шу йилнинг 19 февраль куни туман ҳокимлиги қурилиш бўлими ва туман ИИБ ходимлари томонидан фуқаролар — М.Поёнова, А.Поёнов ҳамда Ш.Тўраев ноқонуний пойдевор ташланган жойнинг ўзида аввал батафсил тушунтиришлар орқали огоҳлантирилган. Сўнгра ўзбошимчалик билан қурилган пойдевор бузиб олинган.
Туман ҳокими қарори билан фуқаро М.Поёновага «Енгил типдаги китоб дўкони» қуриш учун берилган 60 кв.м ер майдони ўз жойида қолдирилган.
Бузиш жараёнида 1990 йилда туғилган Арслон Поёнов туман ҳокимлиги ва туман ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатиб, пойдеворни бузаётган трактор олдини тўсиб, синглиси М.Поёнованинг қўлидаги 5 литрлик конденсат ёнилғисини туман ИИБ ходими Б.Авлаевга сепиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
















