Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Эътиборсизлик – вақти келиб катта муаммоларга сабаб бўлади». Қамаши туман ҳокимлиги Kun.uz’да берилган мақолага муносабат билдирди
15 декабр куни Kun.uz’да «Қамашидаги бозорда чироқ нега узиб қўйиляпти? «Движок» ёқиб ўтирган тадбиркорларнинг додини ким эшитади?» сарлавҳаси билан танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Қамашидаги «Файз деҳқон бозори»да савдо қилаётган тадбиркорларнинг чироқ узиб қўйилаётгани билан боғлиқ муаммоси ёритилган эди.
Бугун, Қамаши туман ҳокимлиги мазкур мақолага ўз муносабатини билдирди. Унда ёзилишича, «Файз деҳқон бозори»да тадбиркорлар дуч келаётган муаммоларни ечиш мақсадида Қамаши туман Халқ қабулхонасида туман ҳокимлиги ва қабулхона масъуллари ўртасида йиғилиш ўтказилган. Унга мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ҳам таклиф этилган.

Йиғилишда «Файз деҳқон бозори»да қарздорлик ортидан чироқ узиб қўйилаётгани ҳақидаги важлар тасдиқланган. Жумладан, туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Н.Жонтемиров, бозор ҳудудидаги нимстанцияга ҳисоблагич ўрнатилгани, ўша ҳисоблагич бўйича бозорнинг 2020 йил 15 декабр ҳолатига кўра 9 663 747 сўм қарзи борлигини билдирган. У бозор маъмурияти шартномада кўзда тутилган шартларни бажармаётгани ва қарзларни ўз вақтида тўламаётгани, оқибатда бозор ҳудудида жойлашган нимстанцияга электр энергияси узатишда чекловлар ўрнатилаётганини маълум қилган.
Бозор директори Азамат Алламуродов эса қарздорлик анча пайтдан бери йўқотишлар ва пенялар ҳисобидан йиғилиб келаётганини айтган. Йиғилиш сўнгида томонлар бир тўхтамга келишган. Бозор директори 2020 йил 21 декабрга қадар қарздорликни бартараф этиш бўйича кафолат хати берган. Туман электр таъминоти корхонаси раҳбари эса 2021 йил 1 январдан бозордаги нимстанцияни ўз балансига ўтказиб, йўқотишлар ўрнини чегириб ташлаб, сўнг ҳисоб-китоб қилишини билдирган.
Муносабатдаги бир ҳолат эътиборимизни тортди. Унда «Файз деҳқон бозори»нинг ёғингарчилик кунларида лойга ботиб қолиши, кун иссиқ бўлганда чангиб ётиши масаласига изоҳ берилган жойдаги бир гап биз учун бироз тушунарсиз бўлди. Йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосари Қ.Ҳайдаров туман марказида янги бозор қурилаётгани ва у битса «Файз деҳқон бозори»нинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақида аниқ тўхтамга келинмаганини маълум қилган.
Аммо Қамашидаги мазкур бозордаги муаммоларни ўрганаётганимизда туман ҳокимлиги бош мутахассиси Шуҳрат Эшмаматов ва бозор директори Азамат Алламуродов янги бозор битиб ишга тушса ҳам «Файз деҳқон бозори» сақланиб қолишини ва у экобозорга айлантирилишини айтганди. Ҳатто мазкур бозор экобозорга айлантирилганда ундаги дўконлар бузилмаслигини ва замонавий кўринишга келтирилиб, фаолиятини давом эттиришини маълум қилганди. Энди эса туман ҳокимининг ўринбосари «Файз деҳқон бозори»нинг кейинги тақдири ҳақида аниқ гап айта олмаслигини билдирмоқда.
P.S. Ўзи шундоқ ҳам халқ охирги пайтларда «буза-буз»лардан чарчаб кетди. Чунки қаерда нимадир бузилса товон пули тўлашда аксарият ҳолларда нафақат адолатга риоя қилинмаяпти, балки қонунлар ҳам оёқости қилиняпти. Шунинг учун Қамашидаги «Файз деҳқон бозори»ни ҳам келажакда экобозорга айлантирилса, мақсадга мувофиқ иш бўлармиди?!