Инкубация давридан кейин (14-28 кун) хавотир сохта ёки ўринлилиги аниқ бўлади ва шунга қараб инсон ё касалхонага жойлаштирилади ёки одатий ҳаёт тарзига қайтади.

Масалан, Британияда жараён қуйидагича: Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг (NHS) ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, қаердан келингани ва аломатлар (агар улар аллақачон мавжуд бўлса) ҳақида айтиб бериш керак. Шундан сўнг, эҳтимолий бемор ва унинг қариндошларидан уйдан чиқмаслик ва кейинги кўрсатмалар тушунтириладиган қўнғироқни кутиш сўралади.

Ўзбекистонда 16 мартдан жорий қилинган коронавирус карантини вақтида фуқаролар саволларига жавоб бериш учун ягона колл-марказ — 1003 рақами ишга тушди.

Ушбу мақола муаллифи Австриянинг Италия шимоли билан чегарадош ҳудудида бўлиб қайтганидан сўнг (оила аъзолари билан биргаликда) уч кунни уй изоляциясида ўтказди. NHS’га қўнғироқ қилишга сабаб - ўзини ёмон ҳис қилган вақти Австриянинг айнан ўша туманида коронавируснинг илк ҳолатлари қайд этилгани ҳақида хабарлар тарқалгани бўлади. 

Карантин пайтида бирор ортиқча ноқулайлик сезмадик, аммо бизнинг карантинимиз яна бир неча кунга чўзилганда, ташқаридан ёрдам олиш зарурияти туғиларди. 
Бу каби вазиятда нима қилиш керак? Уй карантинига қандай тайёргарлик кўриш керак?

Нима сотиб олиш зарур?

Одатда, касалликдан шубҳа қиладиган одам уйда етарлича нон ва ҳожатхона қоғози бор ёки йўқлиги ҳақида деярли ўйламайди. Аммо шифокорлар томонидан телефонда қатъий равишда «уйда карантин сақланг» тавсияси янграши билан, бу нарсалар биринчи ўринга кўтарилади, чунки бу сониядан бошлаб (агар сиз онгли фуқаро бўлсангиз) дўконга ташриф буюриш сиз учун имконсиз бўлади. 

Қариндошларингиз ёки дўстларингиздан сиз учун озиқ-овқат ва уй-рўзғор буюмларини олиб келиб, уларни эшигингиз тагида қолдиришларини сўранг. 

Парҳезга доир махсус кўрсатмалар йўқ, ҳамма нарсани ейиш мумкин. Иммунитетни мустаҳкамловчи маҳсулотлар биринчи навбатда зарур.