Россияда 16 март куни яна 30 кишида касаллик аниқланган (улардан 20 нафари Москвада), бунгача 63 кишида вирус тасдиқланганди.

Голикованинг сўзларига кўра, 93 нафар бемордан 86 нафари - вирусни хорижда юқтирган, қолган ҳолатлар мамлакат ичкарисида вирус тарқалиши оқибати бўлган. Бош вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, тўрт киши соғайиб кетган.

«79 киши стационарда қолмоқда, улардан 57 нафари енгил формада касалланган, алоҳида белгилар йўқ», деган у

Шу билан биргаликда, бугун Санкт-Петербургда қарийб 240 киши коронавирус юқтиришда гумонланиб шифохоналарга ётқизилган.

Москва шаҳри мэри Сергей Собянин шаҳарда оммавий тадбирларни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги фармонини имзолаган. Унга кўра 10 апрелга қадар шаҳарда 50дан ортиқ киши йиғилиши мумкин эмас.

SERGEI FADEICHEV/TASS

Бундан ташқари, 21 мартдан 12 апрелга қадар шаҳардаги барча мактаблар ва боғчалар ёпилади. Шунингдек, жамоат транспорти ҳайдовчилари йўловчиларга чипта сотиши тақиқланади.

Фармонга кўра, Хитой, Эрон, АҚШ ва Европанинг исталган давлатидан келувчилар икки ҳафта муддатга карантинга жойлаштирилади. Иш берувчилар иҳоталаниши керак бўлган ишчиларига ишга чиқишга рухсат бериши тақиқланади.

Юқорида саналган давлатлардан келганларнинг ўзларидан ташқари улар билан бир жойда яшовчи бошқа кишилар ҳам изоляция қилинади.

Европа Иттифоқи ҳам ёпилиши мумкин

Италияда коронавирус қурбонлари сони 2000 нафарга яқинлашган / GETTY IMAGES

Европа Иттифоқи ўз ҳудудини хорижликлар учун ёпишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия президенти Урсула фон дер Лейен маълум қилган.

Дастлабки чекловлар 30 кунга киритилади, кейинчалик бу муддат узайтирилиши мумкин.

Бундай чекловлар доимий асосда Европа Иттифоқи ҳудудида яшовчи хорижликлар, ЕИ фуқароларининг оила аъзолари, шунингдек, дипломатлар ва тиббиёт ходимлари учун тааллуқли бўлмаслиги мумкин. Шунингдек, январь ойида ЕИни расман тарк этган Буюк Британия фуқаролари ҳам тақиқ остида бўлмайди.