Ўзбекистон фармацевтика тармоғи коронавирус инфекцияси даврига қанчалик тайёр, тақчиллик ва нархлар ошишининг олдини олиш бўйича қандай ишлар қилиняпти?

Kun.uz шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариев билан суҳбатлашди.

– Бугунги кунда агентлик томонидан вирусга қарши дори-дармонлар тақчиллигини бартараф қилиш учун қандай чора-тадбирлар олиб борилмоқда?

– Дори-дармонларни етказиб бериш бўйича муаммо йўқ. Сабаби Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирусга қарши курашиш бўйича дорилар рўйхати ишлаб чиқилган. Дорихоналарда барча дорилар етарли. Бундан ташқари, мазкур рўйхатдаги дорилар нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилмоқда, балки хориждан ҳам келтириш чоралари кўрилмоқда.

Тиббий ниқоблар ва антисептик воситалар ҳозирча тақчил. Бунга эса фуқароларимиз томонидан эҳтиёжидан ортиқча харид қилиши сабаб бўлмоқда. Ниқобларни 2та олиш керак бўлган вақтда 20та, 20та олиш керак бўлганда 40та олиши натижасида, етказиб беришда узилишлар кузатилиши мумкин.

Тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналар олдин бир сменада ишлаётган бўлса, ҳозирда уч сменада иш йўлга қўйилган. Бу дегани ишлаб чиқариш қувватлари уч бараварга ошди.

Бундан ташқари, докалар ҳам тиббий воситалар турига киради. Енгил саноат корхоналари билан келишган ҳолда ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпмиз. Енгил саноат корхоналари томонидан тиббий ниқобларни ишлаб чиқариш кунига 2 млн донани ташкил қилмоқда.

Тиббий ниқобларни ишлаб чиқаришни осонлаштириш мақсадида лицензиялаш талабидан озод қиляпмиз. Бу билан вақтдан ютяпмиз. Лекин лицензиялашни олиб ташладик, дегани сифатсиз маҳсулотлар ишлаб чиқарилади, дегани эмас. Улар стандартлар асосида ишлаб чиқаришни йўлга қўйишади.

Шунингдек, агентлигимиз ниқоблар ишлаб чиқарувчи текстил корхоналари билан мунтазам алоқа ўрнатган. Муаммолар вужудга келгудек бўлса, биргаликда бартараф этяпмиз.

– Вирусга қарши дори воситаларининг қанчаси импорт қилинмоқда ва қанчасини ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз?

– Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирусга қарши дори воситалари рўйхатининг 90 фоизидан ортиғини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар етказиб бермоқда.