Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент қўйи палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда парламент юқори палатаси раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлади.
“Давлатимиз ўз тараққиёти йўлида жадал ривожланаётган бир пайтда пандемия табиий ҳолатда Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмади. Биз, парламент аъзолари, халқимиз ҳар дақиқада ушбу касалликнинг кечиши тўғрисида, умуман олганда, унинг иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, одамларнинг кайфиятига қандай таъсир этаётганини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб турибмиз. Бугунги кунда дунёда пандемия нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг муаммоси, балки меҳнат, иқтисодиёт соҳаларига катта таъсир кўрсатаётган долзарб масалага айланди. Шу боис, Президентимиз икки кун давомида видеоселектор йиғилиши ўтказиб, халқимизга мурожаат қилдилар. Бу касаллик тарқалишининг олдини олиш борасида барча куч ва имкониятлар сафарбар этилиши, дори-дармон ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари борасида етарлича захира мавжудлиги, энг асосийси, саросима ва ваҳимага тушишга асос йўқлигини таъкидладилар”, – дейди Олий Мажлис Сенати раиси.
Унинг сўзларига кўра, махсус Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилгани фуқароларнинг соғлиғи ва меҳнат ҳуқуқларини муҳофаза қилиш билан биргаликда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шу орқали иш жойларини ташкил қилиш, одамларимизнинг даромадларини ошириш борасида қилинаётган ишларимиз тўхтаб қолмаслигига сабаб бўлади.
“Сўнгги уч йилда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилган бўлса-да, йиллар мобайнида барча соҳалар, хусусан, ижтимоий соҳаларда муаммолар етарлича тўпланиб қолганлигига гувоҳ бўляпмиз. Айниқса, санитария-эпидемиология хизмати тўғрисида нафақат қонунчиликни такомиллаштириш, балки ҳукуматимиз томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши керак. Бунга давлат раҳбари ҳам урғу бериб, ушбу тизим йиллар давомида эътибордан четда қолганлиги, кадрлар салоҳияти етарли даражада эмаслиги, моддий-техника базаси ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини таъкидлади. Шу муносабат билан, ҳозирда нафақат санитария-эпидемиология хизмати, балки соғлиқни сақлаш тизимини тубдан қайта ислоҳ қилиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Кеча Президентимиз видеоселекторда алоҳида қайд этдиларки, шу қисқа вақт ичида пойтахтимизда учта шифохона қурилиб, фойдаланишга топширилади. Албатта, бу муассасалар карантинга қабул қилиш учун қилинаётган бўлса-да, кейинчалик бошқа тиббий мақсадларда ҳам ишлатилиши мумкин”, - деди Танзила Норбоев.
Таъкидланишича, парламент аъзолари, энг аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича ишларни тубдан қайта кўриб чиқиши зарур. Бунда асосий эътиборни кадрлар салоҳиятини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлашга аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.
















