Ўзбекистон | 12:13 / 22.03.2020
18040
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 65 ёшдан ошганларга заруратсиз кўчага чиқмаслик тавсия этилди

Ўзбекистонда 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлганларга уйдан ташқарига чиқмаслик тавсия этилади. Коронавируснинг кириб келиши ва тарқалиши олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги мажлисида шу ҳақда қарор қабул қилинган.

Тиббий ҳимоя воситалари, хусусан, ниқобларнинг танқислигини сунъий вужудга келтириб, нархини оширган «тадбиркор»ларга қатъий чоралар кўрилади.

Мамлакатимиз фуқароларининг соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида зарур бўлмаган ҳолларда, айниқса 65 ёшдан юқори ва сурункали касали бор бўлган юртдошларимиз уйидан ташқарига чиқмасликлари ва кўчага чиққанда – шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлишлари тавсия этилади.

Барча савдо ва деҳқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик профилактикаси мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларини олдини олишга қаратилган чоралар кўрилади.

Эслатиб ўтамиз, 23 мартдан мамлакатда янги карантин чоралари жорий этилади:

  • Республика чегара ҳудудларидаги мавжуд чегара ўтказиш пунктлари 23 март куни соат 00:01дан бошлаб барча шахслар учун (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетаётган бошқа мамлакат фуқароларидан ташқари) ёпилади.
  • 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (мулкчилик шаклидан қатъи назар) асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда ишчи ва ходимларни қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқариш, қолган ишчиларнинг фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилади.
  • Ходим ва ишчилар ўз иш жойида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)да бўлиши талаб этилади, шунингдек карантин чораларини бузганларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий чоралар қўлланилади.
  • Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказларида 23 мартдан жамоат жойларида шахсий ҳимоя воситалари (ниқоб)сиз бўлган шахсларга «огоҳлантириш» берилади. 
  • 25 март куни соат 6:00дан бошлаб ушбу ҳолат қайд этилса – базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари (223 минг сўм) миқдорида, мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 минг сўм) миқдорида жарима қўлланилади.

Мавзуга оид