Хитойдаги расмий нашрлардан бири – Global Times мамлакатда бир киши ҳантавирусдан вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.
«Юннан провинциясидан бўлган бир киши душанба куни чартер автобусда Шандонг провинциясига кетаётган вақтида вафот этди. Ундан олинган таҳлиллар ҳантавирусга мусбат натижа берди. Автобусдаги қолган 32 киши ҳам текширувдан ўтказилди», – дейилади хабарда.
COVID-19 коронавирус ҳам айнан Хитойда тарқалиб, пандемияга айлангани ва йил бошидан буён жаҳон бўйича 17 мингдан ортиқ кишини ҳаётдан олиб кетгани фонида ушбу янгилик анча хавотирли қабул қилинди.
Бугун, 24 март кун ҳантавирус сўзи Twitter трендида биринчи ўринга чиқди.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, ҳантавирус эпидемияга айланиши эҳтимоли йўқ. Вируснинг Анд тоғларида (Жанубий Америка) учрайдиган бир туридан ташқари, қолган ҳеч бир шакли одамдан одамга юқмайди.
Ҳантавирус нима?
АҚШнинг Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази маълумотига кўра, ҳантавирус оиласига кирувчи вируслар асосан кемирувчилар орасида тарқалган бўлиб, одамга юққанида бир неча хил касалликни келтириб чиқаради.
Инсон уни фақатгина кемирувчи билан контактда бўлиб, унинг сийдиги, ахлати ва сўлаги орқали, кам ҳолларда эса кемирувчи тишлаб олиши оқибатида юқтириши мумкин.
Вирус ўз ташувчиси – кемирувчида касаллик келтириб чиқармайди. Одамга юққанида эса икки хил синдром ривожланиши мумкин: ҳантавирус ўпка касаллиги (1) ёки буйрак етишмовчилиги билан кечувчи геморрагик иситма (2).
Биринчи ҳолатда касаллик иситма, ҳолсизлик, мушакларда оғриқ билан бошланиб, баъзи ҳолларда бош оғриши, бош айланиши ва титроққа сабаб бўлади. Даволанмаган тақдирда йўтал ва нафас етишмовчилиги билан 38 фоизгача ҳолатда ўлимга сабаб бўлади.
Иккинчи шакл синдром ҳам шунга ўхшаш симптомлар билан бошланиб, қон босимининг тушиб кетиши, кучли шок ҳолати ва ўткир буйрак етишмовчилигини чақириши мумкин.
Профилактика
Касалликка қарши эффектив дори воситаси йўқ, симптоматик даво ва иммунитетни оширишга қаратилган чоралар кўрилади.
Ҳантавирус тарқалишига қарши асосий чора – кемирувчилар популяцияси кўпайиб кетишига йўл қўймасликдир.









