Forbes бу мамлакатда амалга оширилаётган чоралар хусусида сўз юритди.

Кореяда касалланиш билан боғлиқ илк ҳолат 21 январда қайд этилганди, кейин беморлар сони ўса бошлади ва 29 февралда бир кунда 900та янги бемор аниқланди, беморларнинг умумий сони эса 3 мингдан ошиб кетди.

Жанубий Корея коронавирус эпидемиясига биринчи марта дуч келаётгани йўқ: 2015 йил май-июнь ойларида мамлакат MERS–CoV вирусига қарши курашишига тўғри келганди. MERS’га чалинган дастлабки бемор Баҳрайндан қайтган 68 ёшли кореялик бизнесмен эди. Касаллик юқтириш билан боғлиқ ҳолатларнинг 44 фоизи беморларнинг етарлича даражада изоляция қилинмаганлиги оқибатида юз берди. Натижада эпидемиянинг асосий ўчоқлари касалхоналар бўлди. Икки ой ичида MERS юқтирганлар сони 186тага етди, 38 киши вафот этди, 16 993 киши карантинга олинди.

MERS эпидемияси мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг заиф нуқталарини кўрсатиб берди: коронавирусга чалинишни дастлабки босқичдаёқ аниқлик ва тезлик билан аниқлаш тизимининг мавжуд эмаслиги, беморларни изоляция қилиш чораларига амал қилмаслик (8 шифокор ва 15 ҳамшира касаллик юқтириб олди), тиббиёт ходимлари ва ҳукуматнинг етарли даражада тайёр эмаслиги.

2020 йилда Жанубий Корея янги ва жиддийроқ синовга - COVID-19 коронавирус эпидемиясига дуч келди. Мамлакат бу сафар самарали чоралар кўра олди. 26 март ҳолатига бу ерда беморлар сони 9241тани ташкил этмоқда, 131 киши вафот этди, 4144 киши соғайиб кетди.

Жанубий Корея ҳукумати кўрган чора-тадбирлар натижасида касаллик юқтириш ҳолатларини сезиларли равишда камайтиришга эришилди, асосийси, ўлимлар сони жуда кам. Ёш гуруҳига тақсимланса, беморларнинг 27 фоизи — 20-30 ёшлилар, 24 фоизи — 30-50 ёшлилар, 19 фоизи — 50-60 ёшлилар, 20 фоизга яқини — 60-80 ёшлилар ва 4,4 фоизи —80 ёшдан катталар. Беморларнинг 61,3 фоизини аёллар ташки этади.

Жанубий Корея ҳукумати коронавирусга қарши курашдаги асосий тамойил шаффофлик ва касалликни барвақт аниқлаш эканлигини маълум қилди. Шаффофлик сиёсати касаллик юқтириш ҳолатлари борасида очиқликни кўзда тутади. Касаллиги тасдиқланганлар тўғрисидаги маълумотлар, коронавирусга таҳлил топширганлар, тузалган ва вафот этганлар тўғрисидаги маълумотлар Корея соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги махсус марказ томонидан жамланади ва кенг жамоатчиликка маълум қилинади. Беморга рақам берилади ва у очиқ манбаларда мана шу рақам остида қайд этилади. Беморнинг банк карталари, яшаш ва иш жойи, борган жойлари тўғрисидаги маълумотлар асосида коронавирусга чалинган эҳтимолий беморлар “харитаси” тузилади. N рақами остидаги бемор тўғрисидаги маълумот у билан охирги марта мулоқот қилганларга СМС-хабар шаклида жўнатилади. Ҳозирда барча касалликка чалинганлар эпидемия ўчоғига қараб шартли “кластер”ларга бўлинган. Бундай “кластер”лар 10та бўлиб, эпидемия ўчоғи аниқланмаган яна бир “кластер” мавжуд.