Иттифоқ нега танқид қилинмоқда?
Европа Иттифоқига аъзо давлатларининг Covid-19 ҳалокатига қарши тезкор ва самарали инқироз механизмини ярата олмаганлиги иттифоқнинг келажагига оид қора сценарийлар ёзилишига йўл очмоқда. Европа Иттифоқининг эпидемия ишғол қилган илк «қалъа»си – Италияда ўлим сони 12 мингдан ошиб кетган бўлса-да, ҳали-ҳамон ҳар бир давлат ўз-ўзича ечим топишга уринаётгани мазкур вазиятни келтириб чиқарган омиллардан биридир. Италиядан сўнг Испания ва Францияда ҳам ўлимлар сони ортиб кетгани «Иттифоқ ҳамжиҳатликни таъминлашга, умумий ижтимоий-иқтисодий ечимларни топишга қодир эмас» деган кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.
Хаос ва ўзаро айбловлар
Декабрь ойида Хитойда пайдо бўлган вирусни юқтириб олган Европа Иттифоқи мамлакатлари: Италия, Испания ва Франция ўз тарихида мисли кўрилмаган тартибсизликларга дуч келишди. Давлатларнинг офат кўлами нақадар кенг бўлиши мумкинлигини жуда кеч англаганлари хаос ва ўзаро айбловларни келтириб чиқарди.
Германия томонидан дастлаб қатъий чоралар кўрилмаганининг сабабини ҳам, шубҳасиз, иттифоқнинг тезкор тадбирлар олишга қодир эмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Италиянинг Европа Иттифоқидан ёрдам ололмагани, устига устак, Европа Марказий банки (ECB) президенти Кристин Лагарднинг вирус билан зарарланган мамлакатларга ёрдам берилмаслиги ҳақидаги баёноти нафақат иттифоққа аъзо давлат раҳбарларини, балки Европа жамоатчилигини ҳам шошириб қўйди. Боз устига, Италияга ниқоб, қўлқоп ва вирусни аниқловчи ускуналарнинг Хитой, Куба ва Россия каби мамлакатлардан келтирилиши реакциялар оловига мой сепгандай бўлди. Охир-оқибат, вазият шу даражага етиб бордики, италиялик ижтимоий медиа фойдаланувчилари Европа Иттифоқи байроғи ёқиб юборилгани акс этган расмларни бир-бирларига улашдилар.
Ҳамма ҳам ғалаба қозонмаслиги мумкинми?
Италияда вирус пайдо бўлганидан бир ярим ой (!) ўтгачгина Европа Иттифоқи комиссияси президенти Урсула фон дер Леен раислигида ўтказилган йиғилишда эпидемия ва эпидемиядан кейинги чоралар тўғрисида тушунтириш берилди. 2020 йил 17 март куни эса Европа Иттифоқи Кенгаши комиссиянинг инқироздан чиқишга доир таклифларини маъқуллади. Албатта, булар иттифоқ аъзоларидан янада кучли интеграциялашишни ва умумий ечимларни ишлаб чиқишни талаб қилувчи чора-тадбирлар эди.
Брюсселдаги Европа Иттифоқи маъмурларининг фикрича, агар иттифоққа аъзо давлатлар соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва хавфсизлик масалаларини ўзларича ҳал қиладиган бўлишса, ҳамма ҳам ғалаба қозонмаслиги мумкин.
















