Ўзбекистон | 15:38 / 06.04.2020
42249
2 дақиқада ўқилади

Аи-80 бензини нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади

1 майдан Аи-80 маркали бензин ва дизель ёқилғиси (шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади. Бу Президент Мирзиёев томонидан 4 апрель куни имзоланган “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида” қарорда кўзда тутилган.

Фото: KUN.UZ

Ҳужжатда қайд этилишича, 1 майдан бошлаб нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси фақат биржа савдолари орқали сотилиши йўлга қўйилади.

Қарорда дизель ёқилғиси, шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғисини 2020 йилнинг I чорагидаги биржа савдолари натижаларига кўра шаклланган ўртача нарх бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиб олиши мумкин бўлган ташкилотлар рўйхати белгилаб берилган. Булар:

– бюджет ташкилотлари

– пахта хомашёси ва ғалла ишлаб чиқарувчи фермер хўжаликлари

– пахта-тўқимачилик кластерлари

– “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ

– “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ

– маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича давлат корхоналари.

Шунингдек, ушбу ташкилотларга дизель ёқилғиси нефтни қайта ишлаш заводларидан нефть маҳсулотларини биржа савдолари орқали харид қилиш ҳуқуқини тақдим этган ҳолда сотилади.

Нефтни қайта ишлаш заводлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ нефть базаларининг буюртманомаларига кўра юқорида санаб ўтилган ташкилотларга дизель ёқилғиси, шу жумладан ЭКО маркали дизель ёқилғисини “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан белгиланадиган чегирма асосида сотади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид