Эндиликда унинг вазифасини Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб бажариб туради. Борис Жонсон ишониб ўз вазифасини вақтинчалик топширган бу вазир ким, бош вазир мамлакатни бошқаришни нега унга топширди, қуйида шулар ҳақида.

Доминик Ренни Рааб 1974 йилда чехословакиялик муҳожирлар оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг аввал Оксфордда, сўнг Кембрижда таҳсил олган.

Турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келган Доминик Рааб 2018 йилнинг 9 июлида собиқ бош вазир Тереза Мэй тузган иккинчи ҳукуматда Дэвид Дэвис ўрнига Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича вазир (Брексит вазири) лавозимига тайинланади. Ҳукумат таркибида қисқа муддат ишлаб, 2018 йил 21 октябрда истеъфога чиқади.

Борис Жонсон Буюк Британия бош вазирига айлангач, у 2019 йил 24 июлда Доминикни ташқи ишлар вазири этиб тайинлайди. Борис Жонсон 2019 йил декабрида иккинчи ҳукуматни шакллантирганида Доминик Рааб ўз лавозимини сақлаб қолишдан ташқари ҳукуматда биринчи вазир мақомини ҳам олади. Бу унга Борис Жонсон ишонганидан далолат эди. Кеча 6 апрель куни Борис Жонсон унга Буюк Британиянинг вақтинчалик бошқариб туришни топшириб, ўша ишончини яна бир бор исботлади.

Тони Блэрнинг халоскори

Доминик Рааб ташқи ишлар вазирлигида ишлаб юрган пайтларида Британия ташқи ишлар вазирлигининг Ҳаага халқаро судидаги вакили сифатида ишлаган пайтида кенг омма эътиборига тушган.

Ўшанда у Сербиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич ва Босниядаги Серб республикаси президенти Радован Караджич устидан бўлиб ўтган суд жараёнларида қатнашади. Суд мажлисларидан бирида Слободан Милошевич судьядан Буюк Британия бош вазири Тони Блэрни гувоҳ сифатида чақириб, сўроқ қилишни талаб қилади. Ўшанда айнан Доминик Рааб келтирган далиллар ортидан судья Милошевичнинг талабини рад этади. Ўша воқеадан кейин Доминик Рааб Тони Блэрнинг халоскори сифатида тилга олинганди.

Феминистлар танқидчиси

2011 йилда, Ишер ва Уолтон округидан Британия парламентининг депутати бўлган Рааб феминистларни «жирканч муросасизлик»да айблаб чиқади.

Ўшанда, ўз айбловига изоҳ берган Доминик Рааб сўнгги вақтларда эркаклар дунё бўйлаб «шафқатсиз камситилиш»га дуч келаётгани ҳақида гапирган.

Доминик Раабнинг фикрига кўра, дунё бўйлаб эркаклар аёлларга қараганда кўпроқ ишлайди, аммо иш жойларини аёллардан кўра осонроқ йўқотади.

Ўша пайтда Дэвид Кэмерон ҳукуматида иккита лавозим, Ички ишлар вазири ва Аёллар ва тенглик масалалари бўйича вазир лавозимларида ишлаган Тереза Май Доминик Раабни феминистлар тўғрисида билдирган фикрлари учун танқид қилиб чиқади. Доминик Раабнинг феминистлар билан муросасизлиги ҳам маълум маънода унинг янада танилишига сабаб бўлганди.