Спорт | 09:10 / 12.04.2020
17198
2 дақиқада ўқилади

Самвел Бабаян Хитойдан юборилган гуманитар ёрдамга ўз ҳиссасини қўшди

Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян Хитойдан Ўзбекистонга юборилган гуманитар ёрдамга ўз ҳиссасини қўшди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: ЎзА

10 апрель куни Мудофаа вазирлигининг махсус борти билан Хитойдан Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун муҳим тиббий воситалар юборилди. Жўнатилган юкларнинг аксари соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан сотиб олинган ва улар орасида махсус тиббий каравот, рақамли рентген ускуналари, операция столлари ҳамда яна ўнлаб турдаги зарур воситалар бор.

Махсус рейсда, шунингдек, гуманитар ёрдам юклари ҳам бўлган. Тиббиёт воситалари кўринишидаги инсонпарварлик ёрдамига Хитойда бўлиб турган ўзбекистонликлар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди. Жумладан, Ўзбекистон миллий жамоаси сардори Одил Аҳмедов, миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи ва ҳозирда Хитойнинг «Чанчун Ятай» жамоасини бошқараётган Самвел Бабаян, шунингдек, ўзбекистонлик тадбиркор Гулбаҳор Тожимирзаева Ўзбекистонга ўз ҳисобларидан тиббий воситалар юборишган.

Олдинроқ ҳам Хитойдан Ўзбекистонга гуманитар ёрдам келганди. 6 апрель куни Осиёнинг энг бой одами хитойлик Жек Мага тегишли «Alibaba Group» ШҲТ мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистонга ҳам коронавирусга қарши кураш учун тиббий воситалар юборганди. Ўз навбатида Ўзбекистон ҳам февраль ва март ойларида Хитойга икки марта инсонпарварлик ёрдами жўнатганди.

Ўзбек футболи вакиллари коронавирусга қарши курашда фаол бўлмоқда. Самвел Бабаян ва Одил Аҳмедовдан ташқари яна бир қатор футбол вакиллари хайрия ишларида қатнашди. «Шаржа» футболчиси Отабек Шукуров чироқчилик ҳамқишлоқларига 100 миллион сўм миқдорида озиқ-овқатлар ҳадя қилганди.

Одил Аҳмедов олдинроқ яна бир футболчи укаси Азим Аҳмедов ҳамда акаси актёр Ёқуб Аҳмедов билан бирга Намангандаги кам таъминланган оилаларга 500 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилган бўлса, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов коронавирус пандемияси сабаб Россияда қолиб кетган «Бунёдкор-2004» жамоаси футболчиларига бир муддат ғамхўрлик қилиб, уларнинг Москвагача бўлган чипталарини олиб берганди.

Мавзуга оид