Мутахассиснинг таъкидлашича, субсидия ва арзон уй-жойлар бир-бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тушунча бўлиб, субсидияларга тегишли фармон чиққанидан сўнг арзон уй-жойлар дастури бекор қилинмаган.

Субсидия ўзи нима?

Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағлар.

Бошланғич бадал – бу бирламчи бозордаги (янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлади.

Субсидия, шунингдек, ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Бунда:

қишлоқ жойларда – биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

Шаҳарларда (шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам) – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;

Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.

Субсидия олиш учун аризани давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.

Субсидия олиш учун аризалар 2020 йил 1 октябрига қадар қабул қилинади.