Шу муносабат билан, Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Cotton Campaign халқаро коалициясининг ҳаммуассиси Беннет Фриман, Ишчилар ҳуқуқлари бўйича Халқаро Форумнинг ижрочи директори Жуди Герхард, Cotton Campaign координатори Эллисон Гиллга мамлакатда ишлаб чиқарилган пахтадан фойдаланиш учун бойкотни олиб ташлашни сўраб мурожаат қилди. 

Н.Ҳусановнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати коалиция кўмагида ишлаб чиқилган «Ислоҳотларнинг йўл харитаси»ни амалга ошириш доирасида, шунингдек, мамлакатнинг барча фуқаролари учун ижтимоий таъминот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида мажбуриятларга мувофиқ мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий чора-тадбирларни амалга оширишда давом этмоқда.

«Ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши бир неча муҳим ҳуқуқий ҳужжатларда акс эттирилган. Жумладан, жорий йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этилишини назарда тутувчи қонунга имзо чекди. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси»ни тасдиқлади. Шу билан аграр секторда давлат ролини камайтирди.

Жорий йилнинг 6 март куни тарихий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра Ўзбекистон 2020 йилдан бошлаб пахта ишлаб чиқаришни, нархни ва мажбурий сотишни давлат томонидан тартибга солишдан воз кечади.

Яқинда қабул қилинган ушбу қонун ҳужжатлари шундан далолат берадики, Ўзбекистон ҳукумати хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорликда Ўзбекистон пахтачилик тармоғида ислоҳотларнинг янги босқичини бошлашга тайёр.

Янги ислоҳотлар даврига ўтишда аҳолига зарур ўзгаришларни амалга ошириш учун коалиция томонидан имзоланган Uzbek Cotton Pledge мажбурияти доирасида ўзбек пахтасига қўйилган бойкотни олиб ташлашни сўрайман.

Халқаро меҳнат ташкилотининг сўнгги маърузасида «2019 йил, пахта ҳосилини йиғиш даврида тизимли мажбурий меҳнат ҳолатлари қайд этилмаган» ва «Ўзбекистонда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнати қўлланилмаяпти», дея тасдиқлайди. Биз ушбу ютуқлардан фахрланамиз ва натижаларимизни яхшилашга қатъий қарор қилдик. Албатта, биз Ўзбекистонда меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳали катта ишлар амалга ошириш кераклигини тўлиқ англаймиз ва коалиция томонидан яқинда айтиб ўтилган муҳим тавсияларни биз учун устувор аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз.

Бойкотини олиб ташлаш борасидаги мурожаатимга бугунги кундаги мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини бартараф этиш бўйича эришилган аниқ стратегиямиз билан бирга яна бир бошқа сабаб бор.