Доминик Рааб / AFP

Британияда 26 мартда жорий этилган карантин ҳозирча май ойи бошига қадар давом этиши аниқ, аммо ҳукумат вирус тарқалиши тўхтасагина чораларни бекор қилиши мумкин.

Сўнгги бир кунда Британиядаги шифохоналарда яна 861 киши коронавирус қурбонига айланган. Пандемия бошланганидан буён мамлакатда коронавирусдан ҳалок бўлганлар сони 13728 нафарни ташкил қилмоқда.

«Биз ҳали вирус тарқалиши тезлигини етарли даражага тушира олмадик», деган Рааб.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳозирда карантинни бекор қилиш касалланиш ҳолатлари сони кескин ортишига олиб келади.

У Британия ҳукумати карантинни бекор қилишда бир қатор мезонларга риоя қилишини билдирди.

Бу критериялар - биринчи навбатда, янги зарарланиш ҳолатлари сони ва ўлимлар сони барқарор равишда камайиши, шифохоналарга юкламалар камайиши таъминланиши билан боғлиқ.

Март ойи охиридан Бирлашган қиролликнинг аксар аҳолиси жамоат жойларида гуруҳ бўлиб тўпланиш тақиқланган ҳолатда яшай бошлади. Истиснолар фақат муҳим иш фаолияти билан банд бўлганлар учун қўлланади.

Уйдан чиқиш тақиқланмаган - фақат бунга сабаб бўлиши керак, сабаблар рўйхати кенг. Булар қаторида кўчада югуришга ва бошқа жисмоний машқларни бажаришга чиқиш, шунингдек, харидга, дафн маросимига ёки судга, қон топширишга ва яна бир қатор сабаблар бор.

Тожикистонда расман коронавирус йўқ. Аммо бу ерда ҳам пандемияни ҳис қилишмоқда

Европадаги вазият
Франция яна 1438 киши коронавирусдан вафот этганини маълум қилди - бу эпидемия бошланганидан буён кунлик ўлим бўйича энг юқори кўрсаткичдир. Аммо, айрим маълумотларга кўра, бу рақам Пасха байрами кунларида қариялар уйларида қайд этилган ўлимларни ҳам ўз ичига олади.

Нима бўлганда ҳам, Франциядаги вазият жуда жиддийлигича қолмоқда. Француз армиясининг «Шарль де Голль» номли авиаташувчиси бортида ҳам Covid-19 тарқалган. Қарийб 700 нафар денгизчида вирус аниқланган, улардан 20 нафари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.