Хитой дунё етакчилари орасида биринчи бўлиб коронавирус зарбасини қабул қилди ва қатъий карантин жорий этиб, йирик шаҳарларини ёпиб қўйди.
Жума куни Хитойда иқтисодий зарар миқдори ҳисоблаб чиқилди. Унга кўра, мамлакат иқтисодиётининг йиллик кўрсаткичи 6,8 фоизга камайиши прогноз қилинган. Бу Хитой учун даҳшатнинг ўзгинаси. Чин ўлкасида йиллик кўрсаткичлар ҳар йили 15 фоизлаб ўсишига ўрганишган. Ҳатто жаҳон иқтисодий инқирози вақтида ҳам Хитойда иқтисодиёт ўсишдан тўхтамаган.
Хитой иқтисоди 1970-йиллардаги Мао Цзэдун ўтказган «маънавий инқилоб»дан буён бундай қийинчиликларни кўрмаганди. Ишонаверинг, дунё Хитойга шунчалик боғланиб қолганки, бу мамлакатнинг иқтисодий зарарини сайёрадаги ҳар бир фуқаро ўз танасида ҳис қилади.
2002-03 йилларда ҳам дунёда SARS эпидемияси тарқалганди. Ўшанда Хитой ЯИМи дунё иқтисодиётининг 4 фоизини ташкил қиларди. Ҳозир эса дунё иқтисодиётининг 17 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади ва мамлакат ЯИМ бўйича дунёда иккинчи ўринда туради. Қолаверса, 18 йил олдинги эпидемия ҳозирги каби даҳшатли кўриниш олмаган. 26 мамлакатда 8 минг киши номаълум пневмонияга чалинган, қурбонлар сони 800дан ошмаганди. Таққослаш учун, коронавирус юқтирганлар сони 2,2 миллиондан ошди, 150 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Хитойнинг тағин омади келди
Хитой зарар кўриши бошқа бой мамлакатларни ҳам ҳушёр бўлишга чақирди ва улар ҳам зарардан қоча олмасликларини ҳис қилишди. Камбағал давлатлар эса улар учун аҳвол янада ёмон бўлишини тахмин қилишлари мумкин. Иқтисодиёти кучли бўлмаган мамлакатлар катта давлатлар киритадиган капиталларга умид қилиб, бизнесни ривожлантиришади. Пандемия вақтида эса ҳеч ким бошқаларга пул бериш ҳақида ўйламайди. 2008 йилги инқироз вақтида ҳам шундай бўлган.
Халқаро молия институти (IFF) ҳисоб-китобларига кўра, вирус тарқалиши бошланган январь ойи ўрталарида ривожланаётган бозорлардан 100 миллиард доллардан ортиқ капитал чиқиб кетиши маълум бўлди. Бу 2008 йилдаги инқироз вақтидагидан ҳам кўпроқ эди. Бу кўрсаткичлар пасаймаяпти. Март ойининг ўзида ўша 100 миллиарднинг 80 миллиарди бозорлардан чиқиб кетган.

GETTY IMAGES
Бироқ Хитой – истисно. Хитойдан капитал чиқиб кетаётгани йўқ, чунки вирусга алоқаси бўлмаган иқтисодий либераллик бунга йўл қўймайди. Шундай бўлса-да, Хитой зарар кўрмоқда. Хитойки зарар кўрса, Ғарб капитали эвазига ривожланаётган бошқа мамлакатларнинг аҳволи нима кечишини тасаввур қилиш қийин.


















