Карантин тартиби давом этар экан, Kun.uz сайтига олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалардан турли саволлар келиб тушмоқда.

Kun.uz мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов ва бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов билан онлайн тарзда суҳбат ташкил қилди ҳамда ушбу саволларга жавоб олди.

— Айрим талабалар карантин муносабати билан ўқиш шартнома пулини тўлаш муддати узайтирилгани борасида савол беришмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам бу муддат узайтирилганми ва агар узайтирилган бўлса, у кимлар учун?
 

Сарвар Бузрукхонов: Талабалар пандемия сабабли карантинга чиққан вақтида шартнома пулларини тўлаш муддатини узайтириш бўйича ваколат ректорларнинг ўзига берилган.

Талаба карантин вақтида талабалар сафидан чиқарилмайди.

Шу билан бирга ОТМ талабаларга шартнома пулларини онлайн тарзда тўлаш имкониятини ҳам яратиб беряпти.

Биз талабаларни биринчи курсга қабул қилишда шартнома пулининг биринчи ярим йиллик тўлови муддатини давлат комиссияси орқали белгилаб бердик ва унинг охирги муддати 20 март қилиб белгиланган эди.

Бу фақат биринчи курслар учун.
 

—Карантин муносабати билан ўтилаётган онлайн дарсларни ўзлаштиришдан кўпчилик талабалар интернет сифати пастлиги туфайли четда қолмоқда.

Онлайн дарсларни ўзлаштиролмаган талабалар тақдири нима бўлади, уларга қандайдир жазо қўлланилиши мумкинми?
 

Абдували Холиқов: Биз масофавий таълимга ўтишда барча шароитларни ҳисобга олганмиз.

Бу ҳали янги тизим ва янги тизимга ўтишда қандайдир нуқталарда муаммолар бўлиши табиий ҳолат.

Бугунги кунда олий таълим муассасаларида масофавий таълим олишга имконияти бор ва йўқ талабалар рўйхати тузилмоқда.