18 апрель куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва бир гуруҳ журналист ҳамда блогерларнинг Zoom дастури орқали онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Унда халқ таълими тизими ҳамда карантин даврида бу соҳа атрофидаги масалалар муҳокама қилинди. Мулоқот давомида журналистлар томонидан карантин тартиби ёз ойларига қадар ҳам давом этадиган бўлса, ўқувчиларнинг якуний имтиҳонлари масаласи қандай ечилиши борасида савол берилди.

Халқ таълими вазирига кўра, Қозоғистонда мактаб имтиҳонлари бекор бўлиши билан Шерзод Шерматов номига ҳам имтиҳонларни бекор қилиш борасида турли очиқ хатлар ёзилган.

«Онлайн дарслар жараёнида ҳам аълочи ўқувчилар муттасил ўқияпти, масъулиятли ота-оналар шуғулланяпти. Лекин масъулияти бўлмаган, ўқишни хоҳламаётган болалар, уларни ота-онаси ўз ҳолига ташлаб қўяётган ҳолатлари ҳам бор.

 Фараз қилинг, шу саволингизга, бизда ҳам имтиҳон бўлмайди десам, ҳамма ўқувчилар учун таътил бошланиб кетади. Шунинг учун ҳали бунга вақт бор. Буни катта муаммо қилмаслик керак. Имтиҳонлар май охирида бўлади, ҳали унгача вақт бор. Имтиҳонга тайёргарлик кўришсин. Афсуски, кўп болалар имтиҳон учун ҳам ўқийдиган бўлиб қолган. Агар шу стимул ҳам йўқолса, умуман ўқимай қўяди. Бу мавзуда гапирмай турайлик, ўқишга кўпроқ жалб қилайлик.

Инглиз тилини, ахборот технологияларини билиш орқали бемалол уйдан туриб пул топиш мумкинлигини кўрсатиб беришимиз керак. Жуда бўлмаса, инглиз тилини билиб чиқсин. Битириб чиққандан кейин қанақадир бўлса ҳам ишга эга бўлади.

600 мингдан ошиқ бола мактабни битирса, 20 фоизи университетга кирса, 80 фоизи иш топиши керак.

Инқироз пайтида қаерга боради? Шунинг учун уйдан туриб ишлаш имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумот бўлиши керак.Биз аҳоли жон бошига даромад юқори бўлган бошқа давлатлар сингари интернет орқали меҳнат нархларини юқори бера олмаймиз. Лекин бунга сал ҳаракат қилиш керак.

Тил билиш, ахборот технологиялари билан ишлай олиш, қунт бўлиши керак.

Битириш имтиҳонларидан хавотир олмаяпман. Уни ўтказиб олса бўлади. Бутун дунёда қилинадиган тажрибалар бор. Жуда бўлмаса, бекор бўлганда ҳам учта чорак баҳоси билан баҳо қўйилади.