Эпидемия устидан ҳали тўлиқ ғалаба қозонилмаган, бироқ у секин-аста чекинмоқда. Карантин ўрнига ижтимоий масофаланишнинг янги қоидалари жорий этилади, деб ёзмоқда ТАСС.

Эрон пойтахти Теҳрон кўчалари пиёдалар ва машиналар билан тўлган. Икки ҳафта аввалгига нисбатан кўчада одамлар бир неча баробар кўп, лекин одатий Теҳрон тикланишигача ҳали анча бор. Кўплар шаҳар бўйлаб сайр қилиб юришибди, ўриндиқларда дам олишмоқда

Фото: Никита Смагин / ТАСС

Чекловларни пайдар-пай олиб ташлашни бошлаш учун ҳукумат касбий фаолиятни уч турга бўлди: коронавирус тарқалиши таҳдидига кўра паст, ўрта ва юқори даражага.

Бизнеснинг биринчи категорияси Теҳрондан ташқари бутун мамлакат ҳудудида 11 апрель куни ишга қайтди. Сўнгги ҳафталарда пойтахт эпидемиянинг бош ўчоғи саналгани боис, юмшатишлар бу ерда 18 апрелдан кучга кирди.

20 апрелда янги чоралар пакети қабул қилинди. Энди иккинчи тоифа — коронавирус тарқалишининг ўртача хавфи бўлган бизнес турлари ишга қайтди. Душанба куни қурилиш моллари дўконлари, сувенир сотадиган расталар, фотосалонлар, кийим-кечак бутиклари, автосервислар очилди. Дорихоналар ва супермаркетлар эпидемия авж нуқтасига чиққан пайтларда ҳам мижозларга хизмат кўрсатиб келаётган эди.

Савдо марказлари ва бозорлар ҳам ишламоқда, бироқ қисқартирилган графикда — соат 18:00га қадар. Ресторанлар, спорт клублари ва айрим жамоат муассасалари ёпиқлигича қолмоқда. Қаҳвахоналарнинг ҳам кўпчилиги очилди, фақат улар етказиб бериш хизматини йўлга қўйишган.

Фото: Никита Смагин / ТАСС

Бундан ташқари, 20 апрелдан яна бир муҳим юмшатиш жорий этилди: шаҳарлар ўртасида шахсий транспортда қатнаш мумкин. Тўғри, ҳозирча ҳукумат фуқароларга саёҳатга чиқишдан тийилишни маслаҳат бермоқда.

«Хараз шоссесида чекловлар олиб ташланганидан сўнг автомобиллар сони кескин кўпайди. Биз Теҳрон аҳолисидан [мамлакат шимолида жойлашган] Мозандаронда жойлашган ўзларининг виллалари ва дала ҳовлиларига йўл олишдан тийилиб туришни сўраймиз», — деган душанба куни соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эраж Ҳарирчи.

«Савдо маркази ёпиқ, фақат соат 18:00гача ишлайди. Агар сизга супермаркет керак бўлса, унга кириш бошқа томондан ва у соат 23:00гача ишлайди», — дея тушунтириш беради «Палладиум» савдо маркази қўриқчиси одамларга.