Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий порталида коронавирус борасидаги фатволар эълон қилинди.

Коронавирус сабабидан ўлган киши шаҳидми?

Ал-Азҳар халқаро электрон фатво марказининг таъкидлашича, коронавирус сабабидан вафот этган киши шаҳид мақомида бўлади ва унга шаҳидлар ажри берилади. Дунё ҳукмлари борасида унга барча мусулмон маййитларга татбиқ қилинадиган ғусл, кафанлаш, жаноза намози каби ҳукмлар жорий қилинади. Бунинг далили Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари: “Шаҳидлар бешта: тоъун (ўлат)дан ўлган, қорин оғриғи (ички касаллик) билан ўлган, чўкиб ўлган, том босиб ўлган, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар”. Бир ривоятда, тоъун (вабо)да ўлган шаҳиддир, деганлар.

Ана шулардан келиб чиқиб коронавирусдан ўлганлар ҳам тоъун (ўлат) дан ўлганлар қаторида ҳисобланади.

Коронавирусдан сақланиш учун тақилган ниқоб билан намоз ўқишнинг ҳукми

Ислом тадқиқотлари маркази ҳузуридаги фатво ҳайъати мусулмонларга коронавирус тарқалиши ёки юқишидан эҳтиёт бўлиш сабабли тақиб оладиган ниқобларда намоз ўқишни зарари йўқлигини қайд этган.

 Масжидларда намоз ўқишни тўхтатишнинг ҳукми

Миср фатво уйи (Дорул ифто) Азҳар шайхи ва Миср вақф вазирининг янги турдаги коронавирус тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар доирасида, икки ҳафта мобайнида, республиканинг барча ҳудудларида жамоат ва жума намозларини адо этишни тўхтатиб, азон айтиш билан кифояланиш қарорларини маъқуллашини эълон қилди.

 Спирт билан дезинфекция қилинган масжидда намоз ўқишнинг ҳукми

Азҳар фатво маркази: спирт – гидрооксид бирикмаси бўлган углерод ва водород зарраларидан иборат химиявий мураккаб элемент.

 Химикларга кўра ҳар қандай спирт деб аталувчи моддалар ҳам маст қилувчи бўлавермайди. Маст қилмайдиган спиртнинг сифатлари маст қиладигани каби бўлмагани ва ўзгариш содир бўлгани учун у пок ҳисобланади. Шунинг учун у билан баданни ва турли юзаларни дезинфекциялаш мумкин бўлаверади. Шу сабабли баданга ёки намоз жойига бундай спирт теккандан сўнг намоз ўқиш жоиз.