Жаҳон | 07:14 / 01.05.2020
12857
2 дақиқада ўқилади

АҚШ коронавирус учун Хитойни иқтисодий жазоламоқчи - ОАВ

АҚШ президенти маъмурияти Хитойни коронавирус ҳақида ҳақиқатни яширгани учун иқтисодий усуллар билан жазолаш режасини тузмоқда. Гап Пекинга нисбатан санкциялар киритилиши билан бир қаторда икки давлат ўртасидаги савдо шартларини қатъийлаштириш ҳақида бориши мумкин. 

Фото: AFP/Getty Images

Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларга таяниб CNN телеканали хабар берди.  

Манбалар маълумотларига кўра, гап нафақат Трампнинг президент сайловлари арафасида йўл қўйган хатолари учун жавобгарликни Хитой зиммасига юклашга уриниши ҳақида бормоқда. Уларнинг таъкидлашича, Вашингтонда Хитой ва бошқа давлатлардан ўзларини масъулиятли тутиш талаб қилинмоқчи. 

“Биз иқтисодиётни кўтаришимиз лозим, шу сабабли эҳтиёткорлик билан ҳаракат қиламиз. Бироқ биз хитойликларга уларнинг ҳаракатлари жазоланиши кераклигини тушунтириб қўйиш йўлини топамиз”, деб айтган манбалардан бири.

Шу билан бирга, Вашингтонда махсус хизматлардан коронавирус манбаси Уҳандаги лаборатория эканлигининг исботларини топишни талаб қилган ҳолда, Хитойга нисбатан сиёсатни қатъийлаштириш учун сабаблар изланмоқда. Оқ уй маъмуриятида коронавирус авж олиши касалланган ҳайвонлар билан олиб борилган тажрибалар оқибати ёки Хитой ҳукумати яширган, лабораториядаги фавқулодда вазият бўлганини билишмоқчи.

Трампнинг ўзи эса 30 апрелда журналистларга АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши, жумладан, Хитой ҳукуматининг АҚШга “миллиардлаб доллар” келтирган савдо келишуви учун АҚШда кузда ўтадиган президент сайловларида унинг мағлуб бўлишига интилаётгани сабабли юз берганини айтди. “Уларга президент сифатида уйқу босган Жо Байденни кўриш фойдалироқ, шунда улар Америка билан истаган нарсаларини қила оладилар”, деб айтган Трамп.   

АҚШ ҳанузгача Хитой ҳукуматининг коронавирус пайдо бўлишига бирор алоқаси бўлганининг бирорта исботини келтира олмади. “Ўйлайманки, биз бунинг тагига етамиз”, деб айтган CNN манбаси ҳозирда коронавирус қаердан пайдо бўлганини умуман билиш мумкин-мумкинмаслиги ҳақидаги саволга жавобан.

Ваҳоланки, йил бошида, АҚШда ҳали коронавирусга чалиниш ва ундан ўлиш ҳолатлари ҳозиргидек кўп бўлмаганда, Трамп Хитой раиси Си Цзиньпинни Пекиннинг коронавирусга қарши амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари учун мақтаган.

Мавзуга оид