Kun.uz мухбири Бирлашган Араб Амирлигида ишидан айрилган, бегона юртда тураржой ва еб-ичиш учун пул тополмай қийин аҳволда қолган, тезроқ Ўзбекистонга қайтишга кўз тикиб турган ватандошлар билан суҳбатлашди.

Элмурод Каримов:

— Дубай шаҳрига 2020 йилнинг 8 февраль куни келганман. У пайтда Хитойдан бошқа давлатларда ҳали вирус тарқалмаган эди. Бу даражада бўлиб кетиши хаёлимизга ҳам келмаган. Февралнинг охирлари, мартнинг 5–10-кунларида карантин бошланди, савдо жойлари бирин-кетин ёпила бошлади. Иш излагани офисларга борардик, улар бизга рад жавобини берворишарди. 20 мартга бориб умуман уйдан чиқолмай қолдик. Туристик виза билан келгандим, карантин чекловлари жорий этилгунча квартирага, кўчада юришга, у офисдан бу офисга боришга деярли бор пулимни сарфлаб бўлган эдим. Дубай эса ҳар тарафлама қиммат шаҳар.

Элмурод Каримов

Устига устак, бу ерда хасталаниб қолдим. Белимда озгина оғриқ бор эди, уни беэътибор қолдирдим. Вақт ўтиши билан оғриқ жуда кучайиб кетди. Бу ерда клиникага борсангиз, тиббий суғуртангиз бўлсагина сизни қабул қилишади. Бўлмаса, тиббий хизмат учун ё кўп пул тўланади, ёки компания томонидан ишчиларига тиббий ёрдам кўрсатилади. Шу нарсада муаммога учрадим. Менда тиббий суғурта йўқ, даволана олмадим.

Сўнгги вақтларда оғриқ жуда кучайиб кетди. Мисол, Ўзбекистонда бўлсам, бир ҳафта даволанишни ичида бу бартараф бўларди. Касалхоналар қабул қилмагани, улар биздан жуда ҳам қиммат бўлгани сабабли, дорихоналарда биз излаган дорини топишнинг иложи бўлмаяпти. Ҳозир оғриқ жуда ҳам кучайган, ҳаракатланишим қийин бўлиб қолди. Таниш, дўстларимдан квартира, бошқа харажатларга пул қарз олгандим. Улар ҳам тугади. Қайта қарз сўрашга одам уялади, қолаверса, улар ҳам ҳозир зўр аҳволда эмас.

Худога шукур, ёнимизда шериклар бор. Ёрдам беришяпти, қараб туришмаяпти. Бирга рўза тутяпмиз. Ҳамма харажатларни улар кўтаришяпти, ҳатто квартира ҳақигача.

Менга ўхшаб туристик виза, ишчи визаси бўлганлар жуда кўп. Юртбошимиздан, ҳукуматимиздан илтимос қиламиз, чартер рейслар йўлга қўйиб берилса, уйга борсак. Бу мамлакат туризмга мослаштирилган. Коронавирус тарқалишни бошлагач бу ердан кўпчилик чиқиб кетди, Дубайда иқтисодиёт жуда ҳам пастлаган. Яъни, бир иш топишга ҳозирча умид йўқ. Чунки бир неча йиллардан бери ишлаётган болалар ҳам аллақачон ишларидан айрилишган ёки бўлмаса, ойлигининг 30 фоизинигина олишяпти. Бу пул нимагаям етарди? Бу жон сақлаб туришгагина етади холос,