Жаҳон | 18:26 / 03.05.2020
23798
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ким Чен Иннинг омма олдида кўриниш берганига изоҳ берди

АҚШ президенти Дональд Трамп Шимолий Корея етакчисининг охирги 20 кун ичида омма олдида илк кўриниш берганига изоҳ берди ва бундан хурсандлигини айтди.

Фото: AP

“Мен, мисол учун, у қайтгани ва ўзини яхши ҳис қилаётганидан хурсандман”, деб ёзган Трамп твиттерда.

Шимолий Корея етакчиси апрель ўрталаридан бери кўриниш бермай қўйган. Бунга бир нечта ОАВ эътибор қаратганди. Жумладан, CNN телеканали Ким Чен Ин охирги марта 11 апрелда кўринганини ва 15 апрелда бобоси Ким Ир Сен таваллуд аёми билан боғлиқ тантанали маросимда илк бор иштирок этмаганини маълум қилганди. Кейинроқ Ким Чен Ин юрагида жарроҳлик амалиётини ўтказгандан сўнг соғлиғи ёмонлашгани ва ҳаттоки вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумот пайдо бўлганди. 

Бироқ 2 май куни Жанубий Кореянинг Yonhap ахборот агентлиги Ким Чен Ин 20 кунлик “йўқолиш”дан кейин илк бор омма олдида кўринганини маълум қилди. Reuters эса Корея марказий телеграф агентлигига таяниб, Шимолий Корея етакчиси ўғитлар ишлаб чиқарилувчи завод очилишида иштирок этганини маълум қилган. Трамп бундан хабар топгач, ушбу маълумотга изоҳ бермоқчи эмаслигини айтган. 

Мавзуга оид