Британия: ўлимлар сони камайди, Жонсоннинг интервьюси
Британияда янги ўлим ҳолатлари сони сўнгги ҳафталардаги энг қуйи кўрсаткичга тушди: 315 ўлим ва 4339та янги зарарланиш ҳолати қайд этилди. Шу билан биргаликда, дам олиш кунларида шифохоналар маълумотларни оператив равишда етказиб беришмайди ва одатда бу кунлардаги ҳолатлар сони камроқ бўлади.

Ҳукумат шунингдек, Британиядаги иш берувчилар мамлакатда карантин бекор қилингунига қадар иш графигини ижтимоий масофа сақланиши ва жамоат транспортига юклама кўп бўлишининг олди олинишини таъминлаш учун мос равишда ўзгартириши кераклигини маълум қилган.

Британия бош вазири Борис Жонсон Covid-19 билан касалланиб, соғайиб чиққанидан кейинги илк интервьюсида шифохонада ҳаётини сақлаб қолиш учун унга «литрлаб кислород беришгани» ҳақида айтиб ўтди. Унинг айтишича, аҳволи жуда оғир бўлгани туфайли шифокорлар унинг ўлими ҳақида эълон беришга тайёр туришган.

«Вазият қанчалар ёмонлашишига қараб шифокорларда бир неча режа бўлган. (...) Уларда «Сталиннинг ўлими»дагига ўхшаш стратегия бўлган», - деган у.

Жонсонга 26 март куни Covid-19 ташхиси қўйилганди, 10 кун ўтиб уни шифохонага олиб кетишди, бир неча кундан кейин эса у аҳволи оғирлашиб, жонлантириш бўлимига жойлаштирилди (аммо сунъий нафас олдириш аппаратига уланмади). 27 апрель куни у ишга қайтди,  29 апрелда эса Жонсон ва унинг қаллиғи Керри Саймондс фарзандли бўлишди. Чақалоққа Уилфред Лори Николас деб ном қўйилди.

Жонсоннинг бобосини исми Уилфред бўлган, Лори эса — Саймондснинг бобосини исми. «Яна бир исм — Николас — Бориснинг ҳаётини сақлаб қолган икки шифокор — Ник Прайс ва Ник Харт шарафига қўйилди», деб ёзади Саймондс инстаграмдаги саҳифасида.

Россиядаги вазият
Россияда сўнгги бир кунда 10 мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди - бу кунлик ўсиш бўйича навбатдаги рекорддир, жами зарарланганлар сони 134 687га етган. Сўнгги бир кунда яна 58 киши коронавирус қурбонига айланган, Covid-19 ушбу мамлакатда ҳозирча жами 1280 киши ўлимига сабаб бўлди.

EPA

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош кардиологи Сергей Бойцовнинг айтишича, янги ҳолатлар сони кундан кунга кўп бўлаётганининг асосий сабаби ўтказилаётган тестлар сони ҳам кўп бўлаётгани билан изоҳланади. Шу билан биргаликда, Бойцов россияликлар карантинда ўтиришни истамаётганини ҳам бир сабаб сифатида келтирган.