Эрдўған Тарабядаги Ҳубер кўшкида ўтказилган Президент Маҳкамаси видеоконференциясидан сўнг телевидение орқали берган баёнотида бутун дунёга, хусусан, Туркияга ҳам ўз таъсирини ўтказган Covid-19 эпидемияси эндиликда муҳим бир бурилиш нуқтасига келганини таъкидлади.

«Туркия аввалбошдан эпидемияга қарши курашда 4 асосий мақсад доирасида иш тутди. Булар ижтимоий масофани сақлаш, тиббиёт тизимининг оёқда қолиши, асосий эҳтиёжлар билан боғлиқ ишлаб чиқариш ва таъминот занжирининг узилиб қолмаслигини таъминлаш орқали жамоат тартибини сақлашдир.

Ҳатто кўплаб ривожланган мамлакатлар бу каби масалаларда қийналиб қолган бир пайтда Туркия  давлати ва миллати курашда намуна бўла олди. Биз касалликларни аниқлаш ва даволаш бўйича ўз моделимизни ишлаб чиқдик ва ҳаётга татбиқ қилдик. Бу орқали ҳам ўлим кўрсаткичимизни жуда паст даражада ушлаб турдик, ҳам эпидемия тарқалишининг олдини олдик. Ҳозирги кунда янги беморларимиз сони минглик рақамларда ифодаланадиган бўлди. Жонлантириш бўлимидаги ва нафас олиш жиҳози уланган хасталаримиз сони тобора камайиб бормоқда. Шифо топган беморларимиз эса сезиларли равишда ортмоқда. Барча тиббиёт ходимларимиз – шифокорлар, ҳамширалар ва техник ходимларнинг фидокорона хизматлари туфайли шифохоналаримизда виждонга азоб берувчи ҳодисалар рўй бермади.

Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Илмий қўмитанинг тавсиялари ва кўрсатмалари асосида турли эҳтиёткорлик чораларини кўрдик. Эпидемия юзага келган мамлакатлар билан ҳаво ва қуруқлик чегараларимизни босқичма-босқич ёпдик. Таълим жараёнини вақтинча тўхтатдик. Барча учрашувлар, тадбирлар ва шунга ўхшаш дастурларни кейинга қолдирдик. Инсонлар бир жойда бўлишига асосланган фаолият турларини бутунлай тўхтатдик ёки чекладик. Ибодатни масжидларда жамоат ҳолида эмас, балки уйларда қилинишини таъминладик. Барча мумкин бўлган соҳаларда уйдан туриб ишлаш моделини қўлладик.

Шаҳарлараро транспортларни чеклаш орқали мамлакат ичкарисида одамлар ҳаракатининг сезиларли даражада пасайишига эришдик. Амалга оширилган чора-тадбирлар доирасида барча кесимларда ёрдам дастурларини тайёрладик. Молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳажми 200 миллиард лирадан ошди. Илк икки ижтимоий ёрдам пакети билан 4 миллион 400 минг фуқаромизнинг ҳар бирига 1000 лирадан нақд пул тарқатдик. Ҳозирда кенг қамровли учинчи ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастури билан ишлашда давом этяпмиз.

Айни пайтга қадар «Биз учун биз кифоямиз, Туркиям» кампанияси доирасида 1 миллиард 910 миллион лира жамғарилди. Ушбу хайр-эҳсон кампаниямиз ҳамон бардавом. Миллатимиз ушбу оғир кунларда бир-бирини қўллаб-қувватлади, бирдамликда намуна бўлди.

Туркияда бу каби ишларни амалга оширар эканмиз, хориждаги фуқароларимизни ҳам унутиб қўйганимиз йўқ.