– Қирғизистонда Марказий Осиё давлатлари орасида учинчи бўлиб коронавирус аниқланди. Ҳозир вазият қандай? Касаллик жиловландими? Марказий Осиёда фақатгина иккита давлатда, жумладан, Қирғизистонда фавқулодда ҳолат эълон қилинди, бу самара беряптими?

– Қирғизистонда коронавирус қайд этилган ҳудудларда фавқулодда ҳолат ва фавқулодда вазият режими жорий қилинди. Aйтайлик, Талас вилоятида умуман коронавирус аниқланган эмас. Энг кўп Ўш ва Бишкек вилоятида аниқланган. Қолган вилоятларнинг баъзиларида кўп, баъзиларида эса кам.

24-25 март кунлари коронавирус юқишининг чўққиси бўлади, деб кутилганди, лекин бундай бўлмади. Бунинг ўрнига тенглашиш, яъни даволанаётганлар билан шифо топганларнинг кўрсаткичи тенглашаётгани статистикаларда кўрсатилди.

Ачинарли жиҳати – энг кўп касалланаётганлар шифокорлар экани. Яъни 1 май ҳолатига (интервью шу куни ёзиб олинган – таҳр.) 756 киши юқтириб келган бўлса, уларнинг 198 нафари – тиббиёт ходимларидир.

Уларнинг ичида шифокорлар, ҳамширалар ва беморлар билан бевосита алоқада бўлган тиббий персонал вакиллари бор. Бунга тиббий ниқобларнинг, ҳимоя воситаларининг камлиги, уларнинг сифатсизлиги сабаб бўлаётгани айтиляпти.

Шифокорлар ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда ҳам ҳимоя воситалари етарли эмаслиги, шунинг учун улар орасида коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари кўп бўлаётганини айтиб чиқишди. Лекин бу баёнотларнинг орқасидан кечирим сўраб чиқиш ҳолатларини ҳам кўрдик. Лекин вазият кўрсатиб турибдики, мана шу шифокорларнинг ишлаш тартибида, ўзини касалликдан ҳимоялашида қандайдир камчиликлар бор ва балки шунинг учун жуда кўп тиббиёт ходимларининг коронавирусни юқтириб олиши кузатилаяпти.

– Қирғизистондаги карантин чекловларини халқ қандай қабул қиляпти? Амал қилишяптими?

Даврон Ҳотамов

– Коронавирус қайд этилгунга қадар «бизга бу касаллик келмайди, биз ундан ҳолимиз», деган тушунча бор эди ва энг асосий муаммо – савдо қандай бўлади, товарлар қандай келади ёки эртага нимани сотамиз ва сотиб оламиз ёки қимматлашиб кетадими, деган саволлар ҳам ўйлантирди. Бу касаллик чет элга бориб келганларда аниқлангани сабабли ҳам баъзи бир инсонларда тушунмовчиликлар бўлди. Инсонлар ваҳимага тушгандек, яъни коронавирус билан ваҳимани ҳисобга оладиган бўлсангиз, ваҳима кучлироқ бўлаётган эди ўша пайт.