Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар Kun.uz мухбири билан суҳбатда пандемиянинг жаҳон ва Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ва оқибатларини таҳлил қилиб беришди.

– Пандемия қанча вақт давом этиши номаълум бўлиб турибди. Бунинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири сезиларли бўляпти. Одамларни ишсиз, даромадсиз ҳолатда ушлаб туриш осон эмас. Бунинг иқтисодий оқибатлари қандай бўлиши мумкин?

Валижон Тўрақулов,

Инҳа Университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):

– Бу инқирозни сурункали инқироз деб баҳолашяпти. Тасаввур қилинг, ҳаммамиз катта-катта заводларга борганмиз. Улар қандай ишлайди? Хом ашё киради ва нариги томондан тайёр маҳсулот бўлиб чиқиб кетади. Бу жараённи бир лента десак, унинг орасида узилиш бўлмаслиги керак. Ҳозир дунёни катта завод сифатида тасаввур қилсак, у тўхтаб қолди. Кимдир айтиши мумкин, уни ишлатиш тугмасини босиш билан ҳамма ишни бошлаб юборсак бўлади деб. Ундай эмас.

Валижон Тўрақулов

Бир маълумот бор. Samsung компанияси 1 дақиқа электр узилиши давомида бир неча миллиардлаб зарар кўрган экан, яъни 1 дақиқа электр токи бўлмагандан кейин шу лента узилиб қолган. Ишни давом эттириш учун ҳаммасини яна қайтадан бошлаш керак бўлган ва бу бир неча кунни талаб қилган.

Бутун дунёда таъминотлар занжири узилиб қолди. 1та машинага 30 мингтадан ортиқ эҳтиёт қисмлар керак бўлади. Бунда юзлаб давлатлар иштирок этади. Ундан ташқари бизда яна қанча нарса бор? Дунё заводи омбори ҳисобланган Хитой ҳам тўхтади ва секин-секин фаолиятини бошлаяпти. Мана шундан иқтисодиёт кўламини билиб олишимиз мумкин.

Иқтисодчилар қайси ҳолатга инқироз тўғри келади, деб ўйлашмоқда. Карантин қачон тугашини билолмаяпмиз. Бу инқироз бошқаларига ўхшамайди, чунки бошқа инқирозлар маълум сектор, яъни молия бўйича бўлган ёки маълум ҳудудда бўлган.

Яқинда бир илмий иш ўқигандим. Марказий Осиё давлатлари ЯИМ инқироз туфайли 2-3 фоизга тушиши мумкинлиги прогноз қилинган. Оптимистик қарашларга кўра эса июль-август ойларида ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Мен реалистик қараш тарафдориман. Шунинг учун инқироздан фойда билан чиқишни эмас, эсон-омон чиқишни ўйласак яхши бўларди.