Ўзбекистон | 15:29 / 08.05.2020
18820
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Сардоба фалокатидан азият чеккан оилаларга моддий ёрдам ажратди

АҚШ ҳукумати, Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) қошидаги Табиий офатларда ёрдам кўрсатиш бошқармаси орқали, табиий офатдан зарар кўрган оилаларга муҳим ёрдам воситалари сотиб олиш ва етказиб бериш учун 100 000 доллар ажратмоқда. 

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси тарқатган хабарга кўра, Вашингтон энг муҳим қишлоқ хўжалиги ҳудудларининг биридан ўн минглаб кишиларнинг кўчирилишига сабабчи бўлган Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори қисман ўпирилиши натижасида Ўзбекистонда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватламоқда. 

2020 йил 1 май куни кучли ёмғир ва довул Тошкент жанубидаги Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборининг бир қисми ўпирилишига олиб келди. Уй хўжаликлари, ижтимоий инфратузилма, йўллар, энергетика, алоқа ва сув тизимларига кўрсатган зиёндан ташқари, тошқин ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги инфратузилмасига ҳам зарар келтириб, пахта, дон-дун ва полиз маҳсулотларига ўз таъсирини ўтказди, бу эса фермерларнинг даромадлари ва вилоят иқтисодига салбий таъсир кўрсатади.

«Сирдарё вилояти аҳолисига чин дилдан ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон ҳукумати ва фуқаролари ушбу фалокат оқибатларини бартараф этиш учун тезда сафарбар этилди», –  деди АҚШ элчиси Даниел Розенблюм. 

Унинг қайд этишича, «АҚШ ҳукумати бу офатдан зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади» .

Таъкидланишича, АҚШ ҳукумати бу маблағдан фойдаланиб сув омбори ўпирилиши натижасида ўз уйларидан кўчирилган муҳтож оилаларга озиқ-овқат ва бошқа зарур воситаларни тарқатиш орқали Ўзбекистонга мазкур инқироздан қутулиш ва қайта тикланишда ёрдам беради. 

Фавқулодда кўмак бўйича саъй-ҳаракатларни қўллашдан ташқари, USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодини диверсификациялаш, минтақавий савдони кучайтириш, соғлиққа жиддий таҳдидларни бартараф этиш ҳамда аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун ҳукумат имкониятларини шакллантириш бўйича ҳамкорлик қилади.

USAID халқаро тараққиёт бўйича дунёдаги етакчи агентлик ва ривожланиш соҳасида натижаларга эришиш «катализатори» ҳисобланади.

Мавзуга оид