Таҳририятимизга Россиянинг Москва ва Томск шаҳарларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар мурожаат қилишди. Улар билан онлайн суҳбатимизда яшаб турган ҳудудларидаги вазият, қандай ҳаёт кечиришаётгани ва ватанга қайтиш истаклари ҳақида сўз борди.

Aббос Aҳмадов – Россия миллий технологик тадқиқотлар университети (МИСиС) талабаси:

– Университетлар 15 апрелдан ёпилган ва масофадан ўқиш йўлга қўйилган. Бизга дарслар Zoom, Microsoft Teams дастурлари орқали ўтиляпти.

50 кундан бери карантиндамиз, университет ётоқхоналарида яшаяпмиз. Ташқарига чиқишга фақат 2 соатга рухсат берилган.

Ўзбекистон элчихонаси томонидан ҳайрия ташкиллаштирилди. Ўша пайтда йиғилган Москвадаги талабалар билан очган чатимизда гаплашиб, ҳол-аҳволимизни билиб, турамиз.

Ётоқхоналарда биттадан қаватлар бўшатиб қўйилган. Иситмаси чиққан талабаларни ана шу қаватдаги хоналарга 14 кунга карантинга жойлаштиришган.

Ҳар хил шароитли талабалар бор. Кимнингдир оиласи пул юбора олади, кимнингдир оиласининг имкони йўқ. Талабалар ўқишдан кейин озгина бўлса ҳам ишлаб пул қилиб юрарди, лекин ҳозир кўчага чиқишлар тақиқланган ва ишлар ҳам ёпилган. Университет томонидан ҳар ҳафта бизга озиқ-овқат еткизиб берилади.

Университетимиз талабалар ўз ватанига қайтиш масаласида Ўзбекистон элчихонасига хат юборди. 10 майдан кейин рейс бўлади, дейишди; 450 талабани олиб кетиб, битта жойга жойлаштиришлари айтилди. 10 май ҳам яқинлашиб қолди, лекин ҳеч қанақа янгилик бўлмади. Кейинроқ эса 30 июнгача ҳеч қандай рейслар бўлмайди, деб айтилди.

Биз талабалар халқдан, давлатдан олиб кетишларини талаб қила олмаймиз, Фақат илтимос тарзида айтмоқчимиз, бизни Ўзбекистонга қайтишимизда амалий ёрдам кўрсатишса, яхши бўлар эди.

Қозоғистон, Қирғизистондан талабалар бор. Уларга давлатлари томонидан поезд, автобуслар уюштирилди ва ўз юртларига қайтарилди. Тожикистон талабалари ҳам ўз юртларига қайтишди.

Москвада колл-марказлар ташкиллаштирилмаган. Фақат 03 рақамига телефон қилинади. Бу ерда ўзбек талабаларининг ҳеч қайси бирида суғурта йўқ. Суғуртасиз бизни давлат шифохоналари қабул қилмайди. Aгар суғурта бўлмаса, ўз ҳисобидан даволанади.