Kun.uz мухбири таҳририят манзилига юборилаётган энг кўп саволлар юзасидан Россияда юристлик фаолиятини олиб бораётган мутахассислар – Ботиржон Шермуҳаммад ва Илгиза Яхшибоева билан суҳбатлашди.

— Россияда вирус билан зарарланиш ҳолатлари охирги вақтда кескин ошиб кетди? У ерда қайси тизим хато ишлаяпти, деб ўйлайсизлар?

Ботиржон Шермуҳаммад:

Умуман олганда, бирон тизим хато ишлаяпти, демаган бўлардим. АҚШда ҳам зарарланганлар сони 1 млн.дан ошди. Бу АҚШнинг соғлиқни сақлаш тизими ёмон ишлаяпти дегани эмас. Фақатгина у ерда кўпроқ текширув бўляпти, кўпроқ тест қилиняпти. Ўлим ҳолатларини кўрадиган бўлсак, Россияда анча паст. Касалланганлар кўп бўлса ҳам, ўлим ҳолатлари камроқ. Бугунги кун ҳолатига 198 мингдан ортди Россияда. Кечанинг ўзида 11 минг одам зарарлангани аниқланган. Лекин ўлим ҳолатлари 2 мингга яқин. Россия катта давлат. Тушунишим бўйича, аввалида улар шошилмасдан ҳаракат қилишди. Европага борганлар кўп бўлган экан. Кўпчилик Италияга борган, Европада бўлиб қайтишганини эшитдик. Бу ерда секин-асталик билан чораларни кўриш бошланди. Бирданига кескин чоралар кўрилмади. Ҳозиргача ниқоб тақиш каби масалалар энди кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, Россия аҳолисининг ўзида ҳам бунга нисбатан масъулиятсизлик бор. Бунга ишонқирамай қараётганлар кўпроқ. Жамоат транспортида эътиборсизлик билан юрганлар бор. Москва ҳукумати рухсатнома билан кўчага чиқишни ташкил қилгандан кейин бирданига кўчага чиққан одамлар сони кўпайиб кетди. Яъни керак бўлса-бўлмаса, рухсатномани олиб, кўчага чиқиб айланиб юрибди. Фуқароларнинг ўзларида ҳам масъулият сустроқ десак бўлади.

Илгиза Яхшибоева:

Россияда касалланиш ҳолатларининг кўпайиши сабаби, биринчи навбатда, коронавирусга оддий грипп – ЎРВИ сингари муносабат билдиришяпти.

— Айтишларича, коронавирус билан зарарланганлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бу бўйича аниқ рақамлар борми?

Ботиржон Шермуҳаммад:

Ҳозирги кунда аниқ маълумот йўқ. Ҳеч кимда йўқ, тушунишим бўйича. Мен кўпчилик деб айтмаган бўлардим. Бизнинг колл-марказимиз апрель бошида ташкил қилинган бўлса, шу пайтгача 618дан ортиқ мурожаат келган. Шундан фақат 209та мурожаат ўзбекзабон шахслар томонидан қилинган.