Жаҳон | 17:33 / 12.05.2020
36734
3 дақиқада ўқилади

Дмитрий Песковда коронавирус аниқланди

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди ва у шифохонага ётқизилди.

Фото: Наталья Селиверстова/РИА «Новости»

«Ҳа, мен касалландим. Даволаняпман», дея хабар берган унинг ўзи агентликларга. У ўзининг ҳолати ва касалланиш даражаси бўйича аниқлик киритмаган.

Песковнинг рафиқаси Татьяна Навкада ҳам вирус аниқланган.

Россияда Covid-19 эпидемияси бошланган вақтда, апрель ойи бошида Дмитрий Песков маълум муддат давомида вирус блокаторини тақиб юрган, аммо кўп ўтмай бу қурилма самарали эмаслиги маълум бўлганди. Журналистлар бу қурилма ҳақида сўрашганида, Песков у вирусдан қанчалик ҳимоя қила олишини билмаслигини айтганди.

«Бу восита вирусдан ҳимояланишга ёрдам бериш-бермаслигини билмайман. Мен уни дорихонадан сотиб олдим. Биласизми, ҳозир кўпчилик профилактика нуқтаи назаридан турли воситалардан фойдаланмоқда. Тўғриси, бунинг қандайдир фойдаси борлигига ишонмайман. Кўплаб экспертлар бу зарар келтириши мумкинлигини ҳақида таъкидлаганини ҳам ўқиганман», деганди Путиннинг матбуот котиби.

Март ойи охирида Песков Россия президенти администрациясида касалликка чалинганлар борлиги ҳақида хабар берганди. Кейинроқ Россия ҳукуматининг уч нафар аъзоси, жумладан бош вазир Михаил Мишустинда коронавирус инфекцияси аниқлангани маълум бўлди.

РИА «Новости» манбасининг аниқлашича, Песков сўнгги марта 30 апрель куни Путин иштирокидаги йиғилиш вақтида кўриниш берганди — ўша куни бош вазир Михаил Мишустинга коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди. ТАСС манбаси хабар беришича, Песков Путин билан юзма-юз учрашмаганига бир ой вақт бўлган.

Президент Владимир Путин апрель ойидан буён Москва яқинидаги Ново-Огарева қароргоҳида изоляция режимида яшамоқда. У ташқарига фақат 9 май куни Иккинчи жаҳон уруши қурбонларини хотирлаш учун чиқди.

Covid-19’дан зарарлангани ҳақида хабар берар экан, Песков президент Путин чоршанба куни авиасаноатни қўллаб-қувватлаш бўйича йиғилиш ўтказиши ҳақида ҳам маълум қилган.

11 май куни Путин Россияда ишланмайдиган кунлар якунлангани ҳақида эълон қилди. Россия ҳудудлари карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиб боради. Москвада қурилиш ва саноат корхоналари фаолияти тикланган. Шу билан биргаликда, пойтахтда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш мажбурий ҳисобланади.

Россия бугун коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари бўйича жаҳон рейтингида иккинчи ўринга чиқиб олди. Сўнгги бир кунда мамлакатда яна 10 899 кишида Covid-19’дан зарарланиш ҳолати тасдиқланган ва жами ҳолатлар сони 232 243тага етган. Россия бу орқали жаҳон рейтингида Испанияни ҳам ортда қолдирди ва энди бу борада фақат АҚШдан ортда қолмоқда. Шу билан биргаликда, Россияда ўлимлар сони АҚШ ва Европанинг йирик давлатларидагига қараганда камроқ - 2 116 ўлим.

Мавзуга оид