00:54 / 12.05.2020
14537

«Ер сотгани учун жавобгарликка тортилганларнинг ярмидан кўпи – мансабдорлар» — Бош прокуратура

Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Сенатнинг 4-ялпи мажлисида берган ахборотида қишлоқ хўжалиги тизимидаги талон-торожлик ҳолатларига тўхталиб ўтди.

Фото: Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати

Унга кўра, қишлоқ хўжалиги тизимида қонунлар ижроси устидан олиб борилган назорат тадбирлари давомида 22 млрд сўмлик дон, 63 млрд сўмлик пахта хомашёси, 3 млрд сўмлик минерал ўғит, ирригация тадбирлари учун ажратилган 1,7 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

«Таҳлиллар ердан фойдаланиш соҳасида суиистеъмоллик ҳаракатлари авж олганини кўрсатди. Сўнгги 2 йилда 3244та ҳолатда 56 минг гектар ер майдони ҳокимлар томонидан ноқонуний ажратилган.

Ер сотиш, уни талон-торож қилиш ҳолатлари юзасидан 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 295 нафари – мансабдор шахс ҳисобланади.

Хусусан, 119 нафари кадастр, 23 нафари ҳокимликлар, 14 нафари архитектура ва қурилиш бўлимлари масъуллари, 76 нафари фермер, 26 нафари МФЙ раисларидир», дея Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокурорнинг сўзларига кўра, ўтказилган назорат тадбирлари давомида қон касалликларини даволаш тизимида муаммолар борлиги ойдинлашган.

«Қон касалликларини даволаш тизими ўрганилганда, бундай касаллик билан оғриганлар сўнгги 4 йилда 10 фоизга ортган бўлишига қарамай бемор ўринлари, шифокор штати оширилмагани, туманларда гематолог штати йўқлиги аниқланди.

Бепул даволаниш имконияти чекланган, дори-дармон таъминоти яхши йўлга қўйилмаган. Натижада даволаниш 40-50 фоизга тушиб қолган. Қўшни давлатларда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этади», деди Ниғматилла Йўлдошев.

Top