Ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган «йўл харитаси»га биноан, бугундан бошланган илк босқичда одамлар энди ташқарида кўпроқ вақт ўтказишлари мумкин бўлади.

Хусусан, улар паркларда сайр қилиш, пикник ва балиқ овларини уюштириш имкониятига эга бўлди. Айни пайтда ижтимоий масофага қатъий амал қилиб, яъни ўртада 2 метр масофа сақлаган ҳолда бошқа хонадон вакили билан ҳам учрашишлари мумкин.

Теннис кортлари, гольф клублари ва баскетбол майдончалари каби очиқ спорт иншоотлари қайта очилади. Ушбу жойларда одамлар ёлғиз ёки оила аъзолари ва бошқалар билан ижтимоий масофа сақлаш қоидаларига риоя қилган ҳолда ўйнашлари, кун давомида хоҳлаганча ташқарида машқ қилишлари мумкин.

Бундан ташқари, жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилмаётгани сабабли ўз шахсий автомашиналарида қишлоқ ҳудудларига, миллий боғларга ва пляжларга бориш мумкин.

Масофадан туриб ишлаш имкони бўлмаган соҳа вакиллари – қурувчилар ёки завод ишчилари ўз иш жойларида хавфсизлик тартибларини таъминланган ҳолда ишлаши талаб этилади.

Амалда қолаётган тақиқлар

Кучда қолган тақиқларга кўра, таътилга чиқилмайди, ёзги уйларда қолинмайди, ёрдам бериш мақсадидан бошқа барча ҳолларда дўстининг уйи ёки бошқа инсонларнинг уйига бориш тақиқланади.

Жамоат жойларидаги ҳовузларда сузилмайди, болалар майдончаларидан фойдаланилмайди. Ёпиқ спорт заллари, ёпиқ сузиш ҳавзалари, ёпиқ кўнгилочар марказлар ёки иншоотлари очилмайди.

Барлар, тунги клублар, ресторанлар ва театрлар ёпиқлигича қолади.

Қоидаларни бузганлар учун жарима миқдори 60 фунтдан 100 фунтгача оширилади. Ҳар бир қонунбузарликлар сони кўпайгани сари бу миқдор 3 минг 200 фунт стерлинггача ошиши мумкин.

Иккинчи босқичда мактаблар, учинчи босқичда меҳмонхоналар очилади

Режага кўра, 1 июнь кунидан эътиборан амалда бўладиган иккинчи босқичда айрим дўконлар очилади ва дастлаб бошланғич мактаблар, кейин эса юқори синф ўқувчилари учун дарслар бошланади.

Июль ойида бошланиши режалаштирилган учинчи босқичда эса ижтимоий масофа қоидаларига риоя қилиш шарти билан меҳмонхоналар ва жамоат жойлари очилади.