Ўзбекистон | 10:00 / 13.05.2020
7602
2 дақиқада ўқилади

Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди

Ички ва ташқи бозорлардаги мавжуд вазиятни таҳлил қилиш асосида вазифаси муайян тоифадаги товарлар билан савдо қилишда божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.

Жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раислигида Ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда акциз солиғи ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро савдонинг умум қабул қилинган меъёрлари ва қоидалари, жумладан, ЖСТ битимларини ҳисобга олган ҳолда ташқи савдони тартибга солишнинг нотариф усулларидан фойдаланишни назарда тутувчи "Йўл харитаси" кўриб чиқилди.

Бу чора-тадбирлар акциз сиёсатидаги ўзгаришларнинг иқтисодиётнинг айрим тармоқларига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган. “Йўл харитаси”да кўзда тутилган чора-тадбирлар Ўзбекистон томонидан халқаро шартномалар доирасида қабул қилинган мажбуриятларни бажарилишини таъминлашга йўналтирилган.

Шунингдек, ички ва ташқи бозорлардаги мавжуд вазиятни таҳлил қилиш асосида вазифаси муайян тоифадаги товарлар билан савдо қилишда божхона имтиёзларини оптималлаштириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқишдан иборат бўлган ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинди.

Бундан ташқари, йиғилиш давомида кенгаш фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишларнинг танқидий таҳлили амалга оширилди, натижада ушбу органнинг самарадорлигини ошириш, бозор жараёнлари динамикасига тезкор жавоб бериш ҳамда ташқи савдони тариф ва нотариф тартибга солиш соҳасида тегишли чораларни ўз вақтида қабул қилишга қаратилган қарорлар қабул қилинди.

Мавзуга оид