Ўзбекистон | 15:50 / 14.05.2020
114673
3 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримованинг 10 млн долларлик активи Ўзбекистонга қайтарилди

Адлия вазирлиги чет элга ноқонуний олиб чиқилган активлар Ўзбекистонга қайтарилаётгани тўғрисида маълумот берди. Хусусан, Гулнора Каримова жиноий йўл билан орттирган 10 млн долларлик активлари Франциядан Ўзбекистонга қайтарилган.

Фото: Валерий Левитин/РИА «Новости»

Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилди.

Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, мазкур маблағлар Ўзбекистон давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади.

Қайд этилишича, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.

Хусусан, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

«Мазкур мулклар хорижий давлатларнинг ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинганлиги муносабати билан, улар Гулнора Каримова (унинг оила аъзолари)нинг тасарруфида эмас. Шу боис, муқаддам айрим ОАВларда хабар берилганидек, Ўзбекистонга мулклар ва маблағлар бевосита Г. Каримова ёхуд бошқа алоҳида шахслар томонидан қайтарилиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазалар ҳақиқатга тўғри келмаслиги яна бир бор таъкидланади», дейилади вазирлик хабарида.

Адлия вазирлиги активларни қайтаришда Гулнора Каримованинг умуман ўрни йўқ эканини март ойида ҳам маълум қилганди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилинган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилаётганини билдирган.

Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни 2020 йил 18 март куни ниҳоясига етган бўлиб, у 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.

Олдин кўрилган жиноий ишлар, шунингдек, сўнгги жиноий иш доирасида етказилган зарар миқдори 3,8 триллион сўм ва 165 миллион долларни ташкил этган.

Мавзуга оид