Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 15 май куни Сирдарё вилоятига борди.

«Бугунги кунда Ҳукумат комиссияси иш олиб боряпти. Зарар етган уй-жойларни тиклаш ва таъмирлаш, одамларни ўзининг тикланган уйига қайтариш ва рўзғорига ёрдам бериш, инфратузилмани тиклаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилишга катта куч ва воситалар сафарбар этилган. Бу борада Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари жонбозлик кўрсатмоқда.

Бугунги кунга қадар 20та аҳоли пунктидаги бузилган уйлар ва уларнинг атрофи чиқиндилардан тозаланди. 13та маҳалладан сув қолдиқлари чиқарилди.

Ушбу маҳаллаларда ҳаёт аста-секин изга тушмоқда. Ҳозирда қарийб 66 минг аҳоли ўз уйларига қайтди. Бошқа жойларда тозалаш-таъмирлаш ишлари тезкор суръатларда давом этмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев дастлаб Сардоба туманида бўлиб, ҳудудда олиб борилаётган ишларни кўздан кечирди. Таъмирланаётган хонадонларни кириб кўрди, одамлар билан суҳбатлашди.

Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида уй-жойлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган аҳоли учун 3та массивда жами 2 минг 640 квартирали 66та 5 қаватли уй қурилиши режалаштирилган.

Хусусан, Сардоба туманидаги «Дўстлик» маҳалласида 1480 хонадондан иборат 37та уй барпо этилади. Давлат раҳбари мазкур турар жойларнинг пойдеворига тамал тоши қўйди.