Махсус комиссия томонидан тасдиқланган тартиб ҳақида Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Ўрнатилган тартибга мувофиқ:

  • Авиа ва темир йўл рейсларига чиқиш истагида бўлган йўловчилар коронавирус инфекциясига тест топшириши лозим.
  • Бунда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси манфий экани ҳақидаги маълумотномага эга бўлган йўловчилар рейсларга қўйилади.
  • Барча йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудига киришдан олдин тана ҳарорати ўлчанади.
  • Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлмаган йўловчилар дезинфектор ёрдамида зарарсизлантирилади ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларига бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда киритилади.
  • Тана ҳарорати 37 С дан юқори бўлган йўловчиларга авиа ва темир йўл хизматларидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Бундай ҳолатларда йўловчига чипта пули белгиланган тартибда қайтариб берилади.
  • Йўловчилар аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.
  • Аэропорт ва темир йўл вокзалларида умумий овқатланиш, хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчаларининг фаолият юритишига йўл қўйилмайди. Йўловчилар савдо автоматларидан фойдаланишлари мумкин.
  • Йўловчилар ҳаво кемаларига ва темир йўл вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади.
  • Авиа ва темир йўл қатновларига электрон чипталар онлайн тарзда сотилади.

Қатнов вақтида:

  • йўловчилар қатнов вақтида самолёт салонида ва вагонлар бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланади (ҳожатхонадан фойдаланиш ҳолатлари бундан мустасно);
  • парвоз вақтида йўловчиларга фақатгина 250 мл ҳажмдаги қадоқланган ичимлик сувлари берилади — озиқ-овқат маҳсулотлари, турли хил журнал ва газеталар тарқатилмайди (авария ҳолатидаги ҳаракат йўриқномаси бундан мустасно);
  • поезд вагонларида йўловчиларга берилган бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларини ечишга рухсат берилмайди (йўловчиларнинг сув ичиш ҳолатлари бундан мустасно);
  • вагонларнинг ҳожатхона ҳамда тамбурларида йўловчиларнинг тўпланишларига йўл қўйилмайди;