Ўзбекистон | 08:58 / 15.05.2020
21569
3 дақиқада ўқилади

Юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини иккинчи олий таълим билан тенглаштириш таклиф этилди

Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини иккинчи олий таълим билан тенглаштириш таклиф қилинмоқда.

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари тўғрисида петиция жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 июндаги 453-сон қарорига 3-илова сифатида тасдиқланган “Олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари тўғрисида”ги низом тасдиқланган. 

Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курслари — давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида фаолият олиб бориш учун етарли даражадаги билим олишни ва кўникма шакллантиришни назарда тутадиган олий таълимдан кейинги ўқитиш шакли. 

Қайта тайёрлаш курсларида ўқитишнинг давомийлиги олти ойни ташкил этади ва асосий иш жойидан ажралган ҳолда амалга оширилади. Иш берувчининг розилигига кўра, қайта тайёрлаш курсларида ўқиш давомида Марказ тингловчиларининг асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланади. 

Қайта тайёрлаш курсларида ўқиш иккинчи олий маълумот олиш ҳисобланмайди. Аудитория машғулотларининг максимал ҳажми ҳафтасига 30 соат миқдорида белгиланади. Ўқув жараёни давомийлиги 26 ҳафтани ташкил этади. 38. Умумий ўқув вақти ҳажми қуйидагича тақсимланади: назарий таълим – 18 – 24 ҳафта; аттестация – 2 – 4 ҳафта; битирув иши – 1-2 ҳафтани ташкил этади.

“Низомда ушбу қайта тайёрлаш курсларини тамомлаган ва махсус дипломга эга бўлган шахсларни фақатгина давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг юридик хизматларида фаолият олиб боришини белгиланганлиги ўз-ўзидан ушбу курсларни тамомлаб юридик хизматнинг барча турлари, яъни адвокат, суриштирувчи, терговчи ва бошқа юридик соҳаларда ишлашни чеклаб қўйилишига сабаб бўлган. 

Мазкур ҳолат бундай курсларнинг мавқеини тушириб ва унда ўқиш эҳтиёжини кескин тушириши табиий. Шу сабабли, мазкур курсларни иккинчи олий таълим билан тенглаштиришни таклиф қиламан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Мавзуга оид