Шунга асосан, Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилнинг 18 май кунидан Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро ҳамда Қарши шаҳарларига «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланадиган поездлар ҳамда Фарғона водийсига тезюрар йўловчи поездлар қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилди.
«Ўзбекистон темир йўллари» хабарига кўра, дастлабки «Афросиёб» поезди бугун, соат 07:00да Тошкент-Марказий темир йўл вокзалидан Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналиши бўйича йўлга чиқди. Поездлар қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши таъминланаётгани айтилади.
Қайд этилишича, поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси «манфий» эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак.

«Темир йўл вокзаллари ҳудудига кирганда барча йўловчиларга бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплар берилмоқда ҳамда темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлашлари ва йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари таъминланмоқда.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги Марказий санитария эпидемиология станцияси мутахассислари томонидан вокзалга кираётган ҳар бир йўловчи қатъий равишда дезинфекция қилиниб, тепловизорларда ҳарорати ўлчанмоқда. Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилди. Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилмоқда. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.
Темир йўл вокзалларининг йўловчилар билан бевосита мулоқотда бўладиган барча ходимлари, давлат органлари ҳамда махсус хизмат ходимлари кундалик фаолияти давомида бир марталик 8 соатли ҳимоя ниқоби ва қўлқоплар, шунингдек юз ва кўз қисмини ҳимояловчи махсус шаффоф ниқоб, дезинфекция ва антисептик воситалар билан таъминланди.
Барча ходимларнинг кунлик иш фаолиятини бошлашидан олдин тана ҳарорати текширилмоқда. Шунингдек, ҳар икки ҳафтада коронавирус инфекциясига тест топшириб борилади. Темир йўл вокзалларининг биринчи ўтказиш пунктлари дезинфектор/тоннеллар билан жиҳозланган бўлиб, биринчи ўтказиш пунктларида темир йўл ходимлари томонидан пирометр ёрдамида йўловчиларнинг тана ҳарорати ўлчанади.


















