Маълум қилинишича, мазкур қурилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 28 мартдаги 467-сонли қарори асосида, 25 млн. АҚШ долларидан кам бўлмаган инвестиция киритиш шарти билан, компанияга ажратиб берилган.  

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича,  бу ерда 1-2-3-қаватлари савдо дўконлари, юқори қаватлари офислардан иборат 9 қаватли бино қурилиши режалаштирилган. 

«IMP NEW PAY» номи билан 2016 йил 19 августда Чехия Республикасида давлат рўйхатидан ўтган компания ҳақида очиқ маълумотлар базасида  бир қанча қизиқ фактлар тақдим этилган. Унга мувофиқ, компания таъсисчилари ўзбекистонлик Исроил Юнусов ҳамда германиялик Пол Брайтенбаҳ ҳисобланади

Яшаш манзили Тошкент шаҳридаги Карвон берк кўчаси, 10 уй этиб белгиланган компания таъсисчиларидан бири Исроил Юнусов «IMP NEW PAY» нинг 95 фоиз акциясига эгалик қилади. Германия фуқароси эса 5 фоиз акцияни бошқаради. Шунингдек, компаниянинг устав капитали 1000 чех кронасини (тахминан 39 доллар) ташкил этади. 

Очиқ маълумотлар базасида юридик манзили Чехиянинг Карлови Вари шаҳрида кўрсатилган компания директори сифатида Мурат Маденов исми ёзилган. Чехияда уй-жой хариди ва сотуви билан шуғулланувчи сайтларда шундай исмли шахс маклер экани кўрсатилади

Booking.com сайти маълумотига кўра, Мурат Маденов исмли шахс Карлови Вари шаҳрида истиқомат қилади ва уйларни ижарага ҳам топширади. У Чехияда 13 йилдан буён доимий яшаши, ушбу бизнес билан 6 йилдан бери шуғулланиши ҳақида маълумот ёзиб қолдирган.