АҚШ ЖССТга ультиматум қўйди
Президент агар 30 кун ичида ташкилот ХХРдан мустақиллигини исботламаса ва ички ислоҳотларни ўтказмаса, АҚШ уни молиялаштиришдан тўхташи билан таҳдид қилди.
АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)дан ўз ишига ўзгартиришлар киритишни ва Хитойдан мустақил эканини 30 кун ичида исботлашни талаб қилди. Агар ташкилот талабларни бажармаса, Вашингтон якуний тарзда ЖССТни молиялаштиришни тўхтатади. Бу ҳақда Трампнинг ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга йўллаган мактубида айтилган, унинг нусхаси президент томонидан Twitter’да эълон қилинди.
This is the letter sent to Dr. Tedros of the World Health Organization. It is self-explanatory! pic.twitter.com/pF2kzPUpDv
— Donald J. Trump (@realDonaldTrump) May 19, 2020
Молиялаштиришни тўхтатиш билан бир қаторда, АҚШ ушбу ташкилотдаги аъзоликдан ҳам чиқиб кетади, дейилади хатда. «Мен америкалик солиқ тўловчиларининг пули эвазига ҳозирги ҳолатида Америка манфаатларини ифода этмайдиган ташкилот молиялаштирилиши давом этишига йўл қўймайман», - деб ёзди Трамп.
Ҳужжатда айтилишича, ЖССТ коронавирус пандемиясига қарши кураш доирасида нотўғри қадамлар қўйди, бу инфекциянинг кенг тарқалишига сабабчи бўлган Хитойга қарамлиги туфайли юз берди.
Хусусан, президентнинг ўз мактубида кўрсатишича, ЖССТ 2019 йилнинг декабрида ёки ундан олдинроқ Уҳанда вирус пайдо бўлгани ҳақидаги ишончли хабарларни мутлақо эътиборсиз қолдирган ва маълумотларни текширмаган.
Бундан ташқари, Трампнинг маълум қилишича, ЖССТ ўз баёнотларида бир неча маротаба ноаниқликларга йўл қўйган ёки ҳатто ёлғонни даъво қилган. Хусусан, 14 январь куни ЖССТ Хитойнинг вирус одамдан одамга юқиши мумкин эмаслиги ҳақидаги хабарини тасдиқлаган, аммо Уҳаннинг ўзида бу рад этилган. Шунингдек, Трампнинг ёзишича, 21 январь куни ХХР раҳбари Си Цзиньпин ЖССТга рўй бераётган ҳодисани фавқулодда ҳолат деб эълон қилмаслиги учун босим ўтказган. Бир ҳафтадан сўнг кўплаб далиллар барибир ЖССТни баёнот беришга мажбур қилди, дея қайд этди президент.
Шу билан бирга, ташкилот Хитойнинг хатти-ҳаракатлари «шаффофлиги» тўғрисида бир неча бор таъкидлаган, «гарчи улар хоҳлаган нарсани қилди, бироқ шаффофликни эмас», деб ёзади Трамп. У, шунингдек, ЖССТни Хитойни пандемия сабабларини текширишга чақирмаганлиги учун танқид қилди.
Апрель ойининг ўрталарида Трамп ЖССТни молиялаштириш тўхтатилганини маълум қилди, сабаби ташкилот «асосий мажбуриятларини бажармади ва жавобгарликка тортилиши керак». Президентнинг айтишича, ташкилот хатти-ҳаракатлари Хитойнинг коронавирус ҳақида нотўғри маълумот тарқатишига туртки берди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ томонидан молиялаштириш ҳажми Хитойнинг ҳажмидан анча юқори - 40 миллион доллар ўрнига 400-500 миллион доллар.
Шунингдек, у ЖССТни ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлади ва Қўшма Штатлар ушбу масалани ташкилотнинг ўзи билан муҳокама қилаётганини хабар қилди.
Мавзуга оид
19:15
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024