Ўзбекистон | 13:47 / 19.05.2020
4543
3 дақиқада ўқилади

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота бўйича ариза бериш муддатлари ва ким томонидан берилиши белгиланди

Ёввойи ҳайвонларнинг сонини ҳамда овланган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш, шунингдек, уларнинг турларини тартибга солиш аниқлаштирилди ҳамда ёввойи ҳайвонлар ўртасида юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашиш бўйича нормалар киритилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2020 йил 19 май куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда “Овчилик ва ов хўжалиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси 2019 йил 21 ноябрь куни қуйи палата мажлисида иккинчи ўқишда 26-моддагача кўриб чиқилган ҳамда лойиҳанинг кейинги моддаларига оид айрим саволлар пайдо бўлгани учун қўмитага қайтарилган, улар устида ишлаб сўнгра палата мажлисига қайта киритиш таклиф этилган эди.

Мажлисда ишчи гуруҳи билан депутатлар томонидан кўтарилган масалалар ўрганиб чиқилиб, тегишли ўзгартишлар киритилгани таъкидлаб ўтилди. Қонун лойиҳасида алоҳида моддалар келтирилган асосий тушунчалар тегишли моддаларнинг ўзига сингдирилгани сабабли, модда ҳам, тушунчалар ҳам лойиҳадан чиқариб ташланмоқда. Шунингдек, ёввойи ҳайвонлар сонини ва уларнинг овланишини ҳисобга олишни битта моддада берилиши муносабати билан қонун лойиҳасидаги айрим моддалар бирлаштирилди.

Депутатлар томонидан кўтарилган яна бир масала — овчи Овчилар ва балиқ овчилари спорт бирлашмаси аъзолигига мажбурийлиги ҳақидаги норма лойиҳадан чиқариб ташланганлиги ушбу ҳужжатнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири. Бу меъёр ялпи мажлиснинг аввалги муҳокамаларида қизғин кўриб чиқилган ҳамда эътирозларга сабаб бўлган эди. Шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни умумий фойдаланиш тартибида овлаш масаласида кўтарилган савол бўйича ҳам қонун лойиҳасига тегишли ўзгартиш киритилиб, ноаниқликлар бартараф этилган.

Қайд этилганидек, ёввойи ҳайвонларнинг сонини ҳамда овланган ёввойи ҳайвонларни ҳисобга олиш, шунингдек, уларнинг турларини тартибга солиш аниқлаштирилди ҳамда ёввойи ҳайвонлар ўртасида юқумли касалликлар тарқалишига қарши курашиш бўйича нормалар киритилди.

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота бўйича ариза бериш муддатлари ва ким томонидан берилиши белгиланди.

Халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда ҳалқаси, микрочипи, ёрлиқчаси, тамғаси бўлган ёввойи ҳайвонлар тутилганда овчилик хўжалигининг ваколатли шахсига ёки Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органига, улар томонидан кейинчалик Фанлар академиясига тақдим этиш учун ахборот тайёрланиши акс этди.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Мавзуга оид