Президентнинг “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Сағбон кўчаси манзилида ташкил этиш;

Мажмуа ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли, Мудофаа вазирлиги Ҳарбий оркестрлар хизматини бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан жойлаштириш;

Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Қуйидагилар Мажмуанинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

Иккинчи жаҳон уруши жангларида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намунасини кўрсатган кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш;

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабага қўшган муносиб ҳиссасини илмий асосда ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш;

Ўзбекистон халқининг Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки, фронт ортидаги меҳнат қаҳрамонликлари, юртимизга эвакуация ва депортация қилинган турли миллат вакиллари, хусусан, болаларнинг бағрикенглик билан кутиб олиниши сингари тарихий воқеаларни акс эттириш орқали ёш авлодни ғоявий чиниқишини шакллантириш ва кекса авлод билан руҳий боғлиқликни кучайтириш, она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш;

аҳолининг тарих билан ҳамнафас бўлиб, ўтганлар хотирасини ёд этиши, уларга ҳурмат бажо келтириши, шунингдек, мазмунли дам олиши билан боғлиқ маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда республика ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, семинарлар, маҳорат дарслари, ижодий кечалар, кўргазмалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

Иккинчи жаҳон уруши даврига оид хорижий музей экспозициялари ва архивлар фондларини ўрганиш, Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини аниқ тарихий ҳужжатлар билан асослаш учун мақсадли, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш;