Лотин Америкасида энг оғир вазият Бразилияда кузатилмоқда. Бу давлат айни вақтга келиб касалланиш ҳолатлари сони бўйича иккинчи ўринга чиқиб олган. Расмий маълумотларга кўра, Бразилияда 350 мингга яқин киши Covid-19’дан зарарланган, 22 мингдан ортиқ киши коронавирус қурбонига айланган.

Минтақанинг бошқа давлатлари, Мексика, Чили ва Перуда ҳам вирус туфайли вазият оғирлашган.

АҚШда сўнгги ҳолатларда касаллик тарқалиши темпи тезлашишдан тўхтади, Европада вирус тарқалиши пасаймоқда, энди Лотин Америкаси дунёда пандемиянинг янги ўчоғига айланди.

«Биз Жанубий Американинг кўплаб мамлакатларида касалланишлар сони ортаётганини кузатяпмиз», деди бу ҳақда эълон қилган ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури раҳбари Майкл Райан.

Қитъада Covid-19’дан зарарланиш билан боғлиқ илк ҳолат 26 февраль куни Бразилияда қайд этилганди. Тадқиқотчиларнинг қайд этишича эса, Бразилия ва Жанубий Американинг яна бир неча давлатида январдаёқ коронавирус бўлган.

Ўтган вақт давомида вирус қитъанинг барча давлатларига ёйилди. Бразилия, Перу ва Мексикада жами ярим миллиондан ортиқ киши вирусга чалинди, 30 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди.

Бу уч давлат натижаси АҚШникидан камроқ. Аммо Лотин Америкасида аҳоли кенг миқёсда тест қилинмаяпти ва касалланганларнинг ҳақиқий сони расмий статистикадагидан кўпроқ бўлиши мумкин.

Минтақанинг аҳолиси энг кўп бўлган мамлакатлари - Мексика ва Бразилияда - энг кўп ўлимлар қайд этилган, мос равишда 7 минг ва 22 мингдан ортиқ.

Айрим экспертларнинг ҳисоблашича, бу мамлакатларда Covid-19 қурбонлари статистикасида рақамлар аслидагидан камроқ, чунки вирус қайд этилмасдан вафот этганлар ҳам кўп.

Перу - касалланишлар сони бўйича жаҳон рейтингида 12-ўринда жойлашган, бу мамлакатда шу вақтгача 115 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланди. Бу Хитой ва Канадагидан кўпроқ, Эрон ва Ҳиндистондаги билан қарийб тенг. Чилида ҳам ҳар куни минглаб кишида вирус аниқланмоқда ва ҳозирга келиб вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 65 мингдан ошди. Пандемия бошланганидан буён бу давлатда 700га яқин киши вафот этди.