Жаҳон | 11:13 / 24.05.2020
29471
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг матбуот котиби у ҳақидаги махфий маълумотни ошкор қилиб қўйди 

АҚШ президенти Дональд Трампнинг матбуот котиби Кейли Макинани бехосдан президентнинг банк реквизитларини ошкор қилиб қўйди.

Фото: AFP/MANDEL NGAN

Макинани матбуот анжуманда журналистларга Трамп коронавирусга қарши саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз маошидан АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ижтимоий хизматларга 100 минг доллар ўтказиб бергани ҳақида банк маълумотномасини кўрсатган.    

Маълумотнома сурати катталаштирилганда унда Оқ уй раҳбарининг банк ҳисобрақами ва махфий маълумотлар ҳисобланувчи бошқа молиявий маълумотлар кўринган. Оқ уй маъмурияти вакилининг таъкидлашича, брифингда сохта чеклардан фойдаланилмаган.

Шу билан бирга, The Guardian нашрининг таъкидлашича, бундай маълумотларга эга бўлиш банк ҳисобрақами бузиб кирилиши ёки бошқа шахслар томонидан қўлланиши хавфини юзага келтиради.   

Нотр-Дам университетининг ахборот технологиялари профессори Майк Чапплнинг таъкидлашича, бу ҳолат банклар мижозлари эҳтиёткор бўлиб, ўз ҳисобрақамларини дахлсиз сақлашлари кераклигини кўрсатади. 

Бошқа томондан, молиявий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу пул ўтказмасини амалга оширган банк президент ҳақидаги маълумотларни ҳимоялаш учун катта эҳтимоллик билан эҳтиёт чораларини кўрган бўлиши керак. 

2016 йил Трамп ўз сайловолди кампаниясида президент бўлса, ўз маошидан ижтимоий эҳтиёжларга 400 минг доллар хайрия қилишга ваъда берган.

Мавзуга оид