Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаларига кўра, президент Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига кутилаётган ташрифи чоғида Ўзбекистоннинг ушбу иттифоққа кузатувчи сифатида аъзолиги ҳақида расман эълон қилинади. 

Kun.uz мухбири ЕОИИга аъзолик Ўзбекистон учун нималар бериши ва қандай оқибатлар келтириши борасида Сенат расмийлари – Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ҳамда Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов билан суҳбат ташкил қилди.

Илёс Сафаров: 19 май куни ЕОИИга аъзо давлатларнинг президентлари видеоконференция орқали мажлис ўтказишди. Унда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иқтисодий иттифоқни танқид қилиб, «Иттифоқ стратегияси»ни ҳозирча имзоламаслигини билдирди.

Тўқаев иттифоқ нима мақсадда ташкил қилинган бўлса, уларни бажармаётгани, бу иттифоқ иқтисодий иттифоқ бўлмай қолаётгани ва иттифоқ парламентида аъзо давлатларнинг раҳбар вакиллари сони улар тўлаган пулга қараб белгиланишини (ҳозир Россия энг кўп маблағ сарфлагани учун аксарият раҳбар мансабларни эгаллаб турибди) танқид қилди. Иттифоқнинг кўп йиллик аъзо давлати Қозоғистон президентининг бу сўзлари сиз учун нимани англатади?

Равшанбек Алимов: – Раҳмат саволингиз учун. Ҳақиқатан, ҳаммамиз ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситалари орқали Евроосиё Иқтисодий иттифоқи кенгаши анжуманини кўрдик. Сиз берган саволга жавоб берадиган бўлсам, менимча, Евроосиё Иқтисодий иттифоқидаги муҳим бўлган муҳокама, хусусан, Қозоғистон раҳбарининг бунга муносабати, таклиф этилаётган ташкилотнинг янги стратегиясига тааллуқли бўлган фикрлар. Умуман олганда, менинг тушунчам бўйича, Қозоғистон раҳбарияти ташкилот фаолиятини ижобий баҳолаган. Яъни олдинда улкан истиқболлар борлиги таъкидланган. Менинг фикримча, Қозоғистон президентининг бундай муносабати кўпроқ таклиф этилаётган янги ҳужжатга – стратегиянинг лойиҳасига нисбатан бўлган. Саволингиз жуда ўринли. Бу музокара Ўзбекистоннинг ҳам эътиборини тортди. Яъни бу яна бир марта ушбу ташкилот билан ҳамкорликни чуқур ўрганишда бизга яна битта туртки бўляпти. Кузатувчи бўлиб ҳамкорлик қилаётганимиз йўлимизнинг тўғрилигини кўрсатмоқда, менинг назаримда. Чунки бу кузатувчилик мақоми ташкилотни яқиндан, чуқурроқ ўрганиб, йўналишларини белгилашга имкон яратди.