Спорт | 09:22 / 27.05.2020
5519
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудий футбол ассоциациялари ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 311-сон қарор қабул қилинди. Ҳужжат Президентнинг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 4 декабрдаги ПФ-5887-сон Фармонида қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун қабул қилинган.

Norma’нинг ёзишича, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари олдига қуйидаги асосий вазифалар қўйилди:

юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш тизимини тубдан такомиллаштириш;

ушбу соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш;

футбол соҳасининг бозор механизмлари асосида бошқарилишини таъминлаш;

футбол клубларини хусусий секторга ўтказишни ташкил этиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратиш;

футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали ўзбек футболи брендини яратиш.
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига қуйидагилар топширилди:

ҳудудий футбол ассоциациялари учун  бино ва иншоотлар тақдим этиш ҳамда ҳомийлар бириктириш;

моддий-техник базасини мустаҳкамлашга кўмаклашиш ҳамда футбол маҳорати мактаблари, шунингдек, футболга ихтисослаштирилган спорт мактабларини ривожлантиришни доимий назорат қилиш;

“Спорт мактаблари футбол лигаси” ва “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини молиялаштириш.
 
Футболни ривожлантириш харажатлари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирилади.
 
Ҳужжат 23.05.2020 йилдан кучга кирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид