Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси давлат органларида конфиденциал иш юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат органларида конфиденциал иш юритиш ва унинг ҳолати («Конфиденциал» грифи бўлган ҳужжатлар, иш жилдлари ва нашрларни рўйхатга, ҳисобга олиш, кўпайтириш, сақлаш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш) учун жавобгарлик девонхоналар зиммасига юкланади.
Девонхона конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашда ташкилий ва услубий раҳбарликни амалга оширади, шунингдек, давлат органининг таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотларда кирувчи конфиденциал ҳужжатлар ижросини назорат қилади.
Конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашга рухсат этилган ходим билан Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Конфиденциал ахборот ва тижорат сирини ошкор қилмаслик тўғрисида Қўшимча келишув тузилади.
Конфиденциал ҳужжатлар билан ишлашдан аввал ходим тегишли ҳисобга олиш шаклларига имзо қўйган ҳолда ушбу Йўриқнома, Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати, конфиденциал ахборотга тегишли маълумотлар билан ишлашни тартибга солувчи бошқа норматив ҳужжатлар билан танишиши шарт.
Ҳужжатни конфиденциал тоифасига киритиш ва «Конфиденциал» грифини қўйиш тўғрисидаги қарор юқорида кўрсатилган Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати асосида қабул қилинади:
ижрочи томонидан – ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш давомида;
давлат органи ёки унинг таркибий бўлинмасининг раҳбари томонидан – ҳужжатни келишаётганда ёки имзоланганда.
Давлат органларининг раҳбарлари ҳамда ваколатли ходимлари ушбу давлат органида тайёрланган, шунингдек, уларнинг таркибий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлардан олинган ҳужжатлар ва нашрлардаги маълумотлар «Махфий ахборотлар сирасига киритилган маълумотлар рўйхати»да кўрсатилган маълумотларга мос келмаса, шунингдек, улардаги маълумотлар ўзгартирилганда, конфиденциаллиги ва аҳамияти йўқолганда «Конфиденциал» грифини (уларни бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган ҳолда) бекор қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Давлат органларининг раҳбарлари ва ваколат берилган ходимлари имзоланаётган ҳужжатлар ва нашрларнинг конфиденциал маълумотлар сирасига киритилишининг асосланганлиги, шунингдек, улардан «Конфиденциал» грифини бекор қилиниши учун шахсан жавобгар бўладилар.
Конфиденциал ҳужжатларни қайта ишлаш фақат сертификатланган электрон ҳужжат айланиши тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак.















